“NEC” вакиллари IUT га ташриф буюришди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- NEC (Япония) компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Кожи Накамура Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT)га ташриф буюрди.

IUT га ташрифи доирасида Кожи Накамурага Япония компаниясининг бошқа вакиллари ҳамроҳлик қилишди. Қайд этамиз, Япония компанияси Ўзбекистондаги ахборот технологиялари соҳасидаги бир қанча лойиҳаларда иштирок этмоқда.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори Сарвар Бабаходжаев “NEC” делегациясини қутлади ҳамда университетнинг ташкил этилиш тарихи ҳамда АКТ соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш фаолияти тўғрисида батафсил маълумот берди.

Музокаралар давомида томонлар IUT ва “NEC” ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш масалаларини муҳокама қилишди. Жумладан, Япония компанияси вакиллари “NEC” технологиялари асосида университетдаги айрим жараёнларни бошқариш бўйича ечимларни татбиқ этиш таклифи билан чиқишди.