Ўзбекистонда “Ўзагроэкспортбанк” АТБ ташкил этилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикасида “Ўзагроэкспортбанк” акциядорлик тижорат банки ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 24 январь куни “Ўзагроэкспортбанк” акциядорлик тижорат банки ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Банк устав капитали 10 млн. евродан иборат бўлади. Янги банкка Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (устав капиталидаги улуши - 75%), “Ўзбекинвест” МЭИСК (10%), “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК (5%), “Ўзагросуғурта” АЖ (5%) ва “КАФОЛАТ СК” АЖ (5%) таъсисчи этиб тайинланди.

Қарорда қайд этилишича, “Ўзагроэкспортбанк” АТБга Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ва норезидентлари, шу жумладан халқаро молия институтлари акциядор бўлишлари мумкин.

Ўзбекистон раҳбари “Ўзагроэкспортбанк” АТБга 2020 йилнинг 1 январига қадар муддатда 15 фоиздан кам бўлмаган улуш билан стратегик хорижий инвесторни устав капиталига жалб этишни тавсия қилди.

Қарорда “Ўзагроэкспортбанк” АТБ ва унинг филиаллари давлат рўйхатига олинган санадан бошлаб 5 йил муддатга барча турдаги солиқлар ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилиниши, бўшаётган маблағлар эса банкнинг ресурс ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлашга мақсадли йўналтирилиши кўрсатиб ўтилган.