Тижорат банкларининг умумий капитали 9,4 трлн. сўмдан ошди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг навбатдаги кенгайтирилган очиқ Бошқарув мажлиси банк тизимининг 2016 йилдаги фаолияти якунлари ҳамда жорий йилнинг 14 январида Вазирлар Маҳкамаси мажлисида мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев томонидан 2017 йил учун белгилаб берилган ижтимоий-иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларининг ижросини таъминлаш масалаларига бағишланди.

Унда тадбиркорлик субъектлари, жамоатчилик ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок ҳам иштирок этди.

Қайд этилдики, ҳисобот даврида Марказий банкнинг самарали пул-кредит сиёсати 2016 йилга мўлжалланган макроиқтисодий кўрсаткичлар, давлатимиз раҳбарининг банк тизимини янада ислоҳ қилиш, унинг барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишга қаратилган фармон ва қарорларида белгиланган вазифалар ижросини тўлиқ бажаришга қаратилди.

Ҳисобот йилида мамлакатимиз банк тизимининг капиталлашув даражасини ошириш, унинг ликвидлигини янада мустаҳкамлаш, барқарорлигини кучайтириш борасида кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Тижорат банкларининг умумий капитали ўтган йили 1,2 баробардан зиёд кўпайиб, 2017 йил 1 январь ҳолатига кўра 9,4 трлн. сўмдан ошди.

Банк активлари 2016 йилнинг 1 январь ҳолатига нисбатан 1,2 баробар ўсиб, бугунги кунда 80,4 трлн. сўмга етди.

Банкларнинг молиявий барқарорлигини янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган самарали чора-тадбирлар мамлакатимиз тижорат банкларига кредитга лаёқатлилик бўйича тақдим этилган халқаро рейтингларини яхшилашга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда.

Хусусан, «Мoody’s» халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон банк тизими ривожланиш истиқболларига берилган «барқарор» даражадаги рейтинг баҳосини еттинчи йилдирки қайта тасдиқлаб келмоқда.

«Standard & Poor’s» ва «Fitch Ratings» рейтинг агентликлари ҳам Ўзбекистон банк тизими фаолиятини «барқарор» сифатида баҳоламоқда.

Ҳозирги пайтда республикамизда фаолият кўрсатаётган барча тижорат банклари катта учликни ташкил этувчи «Мoody’s», «Standard & Poor’s» ва «Fitch Ratings» халқаро рейтинг агентликларининг ижобий баҳоларига эгалар. Бу банкларда йўлга қўйилган бошқарув сифати ва шаффофлигининг амалий натижасидир.

Банк тизими фаолиятининг асосий миллий индикаторлари, чунончи, «банкларнинг умумий капитали етарлилиги», «тижорат банкларининг ликвидлиги», «депозитлар ҳажмининг динамикаси», «кредит қўйилмалари ҳажмининг ўзгариши» ўтган йил якунлари бўйича юқори баҳоларга мос бўлди.

Банклар томонидан 2016 йил учун устувор вазифа қилиб белгиланган саноатда юқори технологияли ва замонавий бўлган энг муҳим объектлар ҳамда қувватларни ишга тушириш, мамлакатда ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ва модернизациялашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, ҳисобот даврида иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредит қўйилмалари қолдиғи 2016 йилнинг 1 январь ҳолатига нисбатан қарийб 1,3 баробар кўпайиб, жорий йил бошига келиб 53,4 трлн. сўмдан ошди.

Банкларнинг инвестиция мақсадларига ажратилган инвестицион кредитлари миқдори ҳам 2015 йилга нисбатан 1,2 марта ошиб, 2017 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 12,2 трлн. сўмни ташкил қилди.

Кичик бизнесни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш борасида қабул қилинган директив ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган кенг кўламли тадбирлар кичик бизнес субектларига ажратилган кредитлар ҳажмининг 2015 йилга нисбатан 1,3 баробар кўпайишига, 2017 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 15,9 трлн. сўмдан ошишига имкон берди.

Жумладан, микрокредитлар ҳажми 3,3 трлн. сўмни ташкил этди ёки бу кўрсаткичнинг ҳисобот йили давомида 1,3 баробар ўсиши таъминланди.

Тижорат банклари томонидан аёлларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган кредитлар ҳажми 2015 йилга нисбатан қарийб 1,3 баробар кўпайиб, 2017 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 1,6 трлн. сўмга етди.

Шунингдек, ўтган йили банклар томонидан ёшларни, айниқса касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, уларнинг бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашга 362,1 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилиб, мазкур кўрсаткич ҳам 2015 йилга нисбатан 1,3 баробардан зиёдга ошди.

Мамлакатимиз банкларининг барқарор ҳолати, банк тизимига бўлган ишончнинг йилдан-йилга ошиши ҳамда аҳоли реал даромадларининг ўсиб бориши аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг бўш пул маблағларини депозитларга жалб қилишнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Бу ўз навбатида, банкларнинг жами депозитлари миқдорини 2015 йилга нисбатан 1,2 баробардан зиёд ўсишига, 2017 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 44,6 трлн. сўмдан ошишига замин яратди.

Ҳисобот йилида молиявий хизматлар таркибида, бевосита банк хизматларининг улуши 88 фоизга етиб, бу кўрсаткич ҳам ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,2 баробардан зиёдга ошди. Бу эса, аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига замонавий банк хизматлари кўрсатиш сифати ва кўламини кенгайтириш борасида кўрилаётган мақсадли чора-тадбирларнинг самарасидир.

Республикамизда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Муомалага чиқарилган пластик карточкалар умумий сони бугунги кунга келиб 19,4 млн. донадан ошиб, савдо ва хизмат кўрсатиш шахобчаларига ўрнатилган ҳисоб-китоб терминаллари сони 208,2 минг донага етди. Жами савдо айланмасида пластик карточкалар орқали амалга оширилаётган тўловлар улуши 70 фоизни ташкил этмоқда.

Шу билан бирга, мажлисда мижозларга замонавий банк хизматлари кўрсатиш ва аҳолининг банкларга бўлган ишончини янада ошириш борасидаги мавжуд ички имкониятлардан тўлиқ фойдаланмаётган, пластик карточкалар асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини пухта ташкил этмаётган, аҳоли ва тадбиркорларнинг мурожаатларини жойида ҳал қилмаётган айрим тижорат банклари ҳамда уларнинг бўлим ва филиаллари фаолияти қаттиқ танқид қилинди.

Мажлисда, 2017 йилда банк тизими олдида турган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Хусусан, тижорат банклари раҳбарлари зиммаларига мамлакатимиз раҳбари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 14 январда ўтказилган мажлисида 2017 йил учун белгилаб берилган ижтимоий-иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларининг ўз вақтида сўзсиз бажарилишини таъминлаш, ҳар бир хонадоннинг тадбиркорлик борасидаги имкониятини ўрганиш ва “аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш” борасида ҳар томонлама амалий ёрдам бериш вазифалари юклатилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 6 майдаги “Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини янада ошириш ва уларнинг ресурс базасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларига мувофиқ банк тизимининг барқарорлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни изчил давом эттириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш, банк хизматлари турларини янада кенгайтириш ҳамда сифатини яхшилаш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жадал ривожлантириш, 2017 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижросини тўлиқ таъминлаш лозимлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, мажлисда барча тижорат банклари раҳбарлари зиммасига 2017 йилда банк тизими олдига қўйилган мақсадли кўрсаткичлар ҳамда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурида белгиланадиган вазифаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини таъминлаш вазифаси юклатилди.

Мажлисда муҳокама этилган барча масалалар бўйича Марказий банк Бошқарувининг тегишли қарорлари қабул қилинди.