"Локомотив" - "Ал-Аҳли" 2:0

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ босқич иккинчи тури доирасида Бирлашган Араб Амирликларининг "Ал-Аҳли" клубини қабул қилди.

“А” гуруҳидан жой олган "темирйўлчи"лар дастлабки баҳсни Саудия Арабистонининг "Ал-Таавон" жамоасига қарши сафарда ўтказиб, кичик ҳисобда имкониятни бой берган эди. Шу боис ўз майдонидаги учрашувда ғалаба қозониш клуб учун ҳам, мухлислар учун ҳам жуда муҳим эди, деб хабар беради ЎзА.

Ўйин бошиданоқ ҳужумга эътибор қаратган "Локомотив" аъзолари 20-сонияда ҳисобни очди. Марат Бикмаев узатган тўпни Саламат Қутибоев боши билан рақиб дарвозасига аниқ жойлаб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.

Иккинчи бўлимда "Локомотив" аъзолари яна рақиб дарвозасига йўл топди. Вазиятдан унумли фойдаланган Марат Бикмаев 57-дақиқада ҳисобни 2:0 га етказди.

Шу тариқа ўз майдонида ишончли ғалабага эришган "Локомотив" жамоаси дастлабки уч очкони қўлга киритди. Энди жамоамиз 13 март куни ўтказиладиган учрашувда Эроннинг "Истиқлол" клуби меҳмони бўлади.