ЕТТБ делегацияси 3 кунлик ташриф билан Ўзбекистонга келди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2017 йилнинг 15-17 март кунлари бўладиган 3 кунлик ташриф билан Ўзбекистонга Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Президенти Сума Чакрабарти бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

Ташрифдан мақсад Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасидаги ҳамкорлик ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишдан иборат.

Шунингдек, Ўзбекистон ва банк ўртасидаги тўлақонли, конструктив руҳдаги ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни қайта тиклаш нуқтаи назаридан муносабатларни мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинади.

2017-2021-йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қоидаларини ҳамда мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар ва чуқур ўзгаришлар амалга оширишга йўналтирилган бошқа қарорларни ҳаётга татбиқ этишда ЕТТБ иштироки муҳокама қилинади.