Германия элчихонасида “Ёш нотиқлар” танлови ўтказилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасида бутун Ўзбекистон бўйича чет тили сифатида немис тилини ўрганадиган талабалар орасида ўнинчи маротаба нотиқлик танлови ўтказилди.

Германия элчихонаси охирги йиллардаги каби ушбу йилда ҳам бутун Ўзбекистон бўйлаб немис тилини ўрганаётган талабалар иштирок этиш имкониятига эга бўлган танлов ташкиллаштирди. Жами 16 нафар иштирокчи олийгоҳ ўз талабалари ўртасида немис тили бўйича ички танлов ўтказиб, Германия элчихонасида бўлиб ўтадиган якуний босқич учун биттадан вакилни аниқлаб беришди.

Ҳар йили ўтказиладиган ушбу танловнинг мақсади Ўзбекистонда немис тили ўрганилишини қўллаб-қувватлашдан иборатдир. Бунда ёш нотиқлар олдиндан танлаб олинган маълум бир мавзу бўйича ўз нуқтаи-назарларини тингловчилар қаршисида немис тилида ифодалаб беришлари лозим бўлади.

Германия элчихонасининг бу йилги нотиқлик танловида иштирокчилар қуйидаги тўртта долзарб мавзудан бирини танлаб олишди:

- Медицина, муқобил тиббиёт ва халқ табобати ҳақида қандай фикрдасиз? Сиз буларнинг қайси бирига кўпроқ ишонасиз?

- Ҳар бир инсон ўз ҳаёти ёки ҳаётининг маълум босқичлари учун ўз олдига мақсадлар қўяди. Сизда қандай мақсад бор? Кўпинча “мақсад воситаларни оқлайди”, дейишади.Сиз ушбу иборани маъқуллайсизми? Бу ибора фақат одамларга тегишлими ёки давлатга ҳам тааллуқлими?

- Биз жорий йилда Германия Федератив Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 25 йиллигини нишонламоқдамиз. Ушбу ҳамкорлик нималарга таъсир кўрсатмоқда? У қандай ривожланмоқда? Қайси соҳаларда ҳамкорликни изчил ривожлантириш лозим, деб ўйлайсиз?

- Жамоат транспорти. Унинг идеал ҳолатини қандай тасаввур қиласиз?

Мусобақа доирасида якуний босқичга чиққан жами 16 нафар талаба юқоридаги тўрт мавзудан бири бўйича 5 дақиқа давомида ўз нуқтаи назарларини баён қилишди ва ҳайъат аъзоларининг мавзу бўйича саволларига жавоб беришди. Бунда иштирокчиларнинг тилни билиш даражаси, реторик иқтидори, нутқнинг сифати ва ўзига хослиги ҳамда мавзунинг мазмунан очиб берилишига баҳо берилди.

Нотиқлик санъати бўйича жорий йилдаги танлов ғолиблигини Урганч Давлат университети талабаси Ирода Исмаилова қўлга киритди. Иккинчи ўринни Андижон Давлат университети талабаси Гулсанам Расулова эгаллади. Учинчи ўрин эса Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси Маҳкам Хамидов ва ЎзДЖТУ талабаси Барно Аҳмаджоновага насиб этди.

Жорий йилги мусобақада илк маротаба “Тингловчилар танлови” йўналиши киритилди ва ўз нутқини ажойиб тарзда талқин этганлиги учун Ўзбекистон Миллий университети талабаси Регина Базикеева соврин билан тақдирланди. Танлов ғолиблари ва барча иштирокчилар немис тилидаги китоб ва аудио-асарлардан иборат совғалар билан тақдирланишди.