“Стартап-ташаббус” дастури ташкилотчилари IUT да тақдимот ўтказишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида стартап-ташаббусларни қўллаб-қувватлайдиган дастурнинг иккинчи босқичи тақдимоти бўлиб ўтди.

Дастур Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда БМТТДнинг “Ўзбекистоннинг бизнес-форуми (III босқич)” лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда. Лойиҳа “Sasol” компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги кўмагида молиялаштирилмоқда.

“Стартап-ташаббус” дастури олий ўқув юрти талабалари ва ходимлари, жумладан, ўқитувчи ва тадқиқотчиларнинг лойиҳалари ҳамда стартап-ғояларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Дастур доирасида иштирокчилар стартап-лойиҳаларни ривожлантириш бўйича семинарлар, учрашувлар ва маслаҳатларда қатнашадилар. Шахсий бизнес-мураббий (трекер) лойиҳани ривожлантиришнинг барча масалалари бўйича маслаҳат беради ва жамоаларни қўллаб-қувватлайди.

Тақдимот доирасида IUT талабалари ва ўқитувчилари дастур ва унинг босқичларини амалга ошириш бўйича маълумот олдилар. Шунингдек, уларга дастур мутахассислари стартап-лойиҳаларни ривожлантириш бўйича тавсиялар беришди.