Республикамизнинг барча ҳудудларида ихтисослаштирилган IT ни ривожлантириш соҳасида меҳнат ярмаркалари бўлиб ўтади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Мамлакатимизда ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида фаолият юритаётган компаниялар сони кўпайиб, улар томонидан кўрсатилаётган хизматлар ҳажмининг ортиб бораётгани АКТ соҳасида мутахассисларга бўлган талабни оширмоқда.

2017 йил 24 март куни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази ҳамкорлигида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш соҳасида меҳнат ярмаркалари”нинг ташкил этилиши бу борада муҳим ўрин тутади.

Мазкур меҳнат ярмаркалари доирасида ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида фаолият олиб бораётган компания, корхона, ташкилот ва муассасалар, давлат ташкилотлари хусусан, “UNICON.UZ”, “UZINFOCOM” каби марказлар, шунингдек алоқа операторлари ўзларида мавжуд вакансиялар билан иштирок этишлари режалаштирилган.

Ярмарка давомида иштирокчилар нафақат бўш иш ўринлари билан танишишлари балки ўз бизнесларини бошлаш истагида бўлганларга мавжуд солиқ имтиёзлари билан танишиш ҳамда тегишли кредитлар ажратилишида яқиндан кўмаклашиш учун солиқ органлари ва тижорат банклари томонидан бевосита тадбир жойида амалий ёрдам кўрсатилиши белгиланган.

Меҳнат ярмаркаларида иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари ва соҳаларидаги кадрлар истеъмолчилари ва иш берувчиларининг ахборот–коммуникация технологиялари йўналишидаги талабидан келиб чиқиб, Муҳаммад аль-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг 2,4 минг нафар балавриат ва магистр битирувчилари ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш соҳасига бириктирилган касб-ҳунар коллежларининг 22 минг нафар битирувчилари иштирок этишлари кўзда тутилган.

Меҳнат вазирлиги барча манфаатдор компания, корхона, ташкилот ва муассасаларни ахборот коммуникациялари соҳасидаги мавжуд вакант иш ўринлари билан иштирок этиб, малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қондиришга чақиради.