IUT талабалари Microsoft маҳсулотларидан бепул фойдаланишлари мумкин

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- “Microsoft” компанияси Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабаларига ўзининг лицензияли дастурий таъминот ҳамда ишланмаларидан бепул фойдаланиш имкониятини яратди.

“Microsoft” компанияси вакиллари Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) маъмуриятига “Microsoft Imagine”нинг 700 дона ваучерини топширди.

“Microsoft Imagine” (аввалги номи DreamSpark) ёрдамида IUT талабаларига “Windows” операцион тизимидан, “Microsoft Azure”, “Visual Studio”, “SQL Server”, “Xamarin” ва бошқа дастурий таъминотлардан бепул фойдаланиш имконияти яратилди.

Шунингдек, “Microsoft Imagine” дастури амалий машғулотларга ҳам йўл очадики, унинг ёрдамида талабалар ўзларининг малакаларини ошириб олишлари мумкин.

Қайд этамиз, “Microsoft” компанияси мана уч йилдирки, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари учун ўзининг ечимларидан бепул фойдаланиш имкониятини тақдим этмоқда.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети маъмурияти ҳамкорлик ҳамда ўз дастурий таъминотларидан беғараз фойдаланишга имконият яратганлиги учун “Microsoft” компаниясига ўз миннатдорлигини билдиради. Умид қиламизки, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ҳамда “Microsoft” компанияси ўртасидаги ҳамкорлик узоқ давом этади ҳамда келажакнинг етакчи IT-мутахассисларини етиштириб беришда ўз ҳиссасини қўшади.