IUT профессори Ҳусниддин Олимов Халқаро Фанлар академиясининг эътирофига лойиқ деб топилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тошкент шаҳридаги Инҳа университети(IUT) нинг физика фани ўқитувчиси Ҳусниддин Олимов ривожланаётган мамлакатлардаги 45 ёшгача бўлган Халқаро Фанлар академияси (The World Academy of Science, TWAS)нинг мукофотини олган 22 нафар ёш олимлар қаторидан жой олди.

Ҳусниддин Олимовга 2016 йилда TWAS мукофоти сўнгги беш йилдаги физика фани бўйича халқаро нуфузли журналларда чоп этилган мақолалари учун топширилди.

Танлов Ўзбекистон Фанлар академияси ва Халқаро Фанлар академияси билан ҳамкорликда иккита йўналиш бўйича ўтказилди: “Физика ва математика соҳасидаги “Энг яхши илмий мақолалар” ҳамда “Кимё ва биология соҳасидаги “Энг яхши илмий мақолалар”.

IUT профессори 2016 йил учун мазкур нуфузли мукофотни Ўзбекистондан қўлга киритган ягона лауреат бўлди. Қайд этамиз, 2016 йил якунлари бўйича TWAS мукофотини дунёнинг 16 мамлакатидан қатнашган 22 нафар ёш олимлар қўлга киритишди. (https://twas.org/prizes-young-scientists-developing-countries-list-winners).

Ҳусниддин Олимовга мукофот сертификатини Ўзбекистон Фанлар академиясининг Президенти, академик Беҳзод Юлдашев топширди.

Ҳусниддин Олимов қайд этди: “Мен мана шундай нуфузли халқаро мукофотни қўлга киритганимдан, ҳамда ўзим сабоқ бераётган Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг номини нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда эътироф этилишига сабабчи бўлаётганимдан хурсандман. Ўзбекистон – иқтидорлар ватанидир. Она тупроғимиз дунёга Абу Али ибн Сино (Авиценна), Абу Райхон Беруний, Ал Хоразмий, Мирзо Улуғбек каби буюк олимларни берган. Улар дунё фанига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшганлар”.

“Университетимизда иқтидорли талабалар билан биргаликда буюк аждодларимизнинг анъанасини давом эттириб, нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун дунёнинг фан ва технологиялари ривожига ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак”, - дея қўшимча қилди Ҳ.Олимов.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори Сарвар Бабаходжаев шарҳлади: “Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ўқитувчилари орасида нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё фанининг ривожига ўз ҳиссасини қўшаётган Ҳусниддин Олимовдек профессорларнинг бўлиши биз учун катта фахрдир! Мазкур халқаро мукофот яна бир бор Ўзбекистонда иқтидорли инсонларнинг жуда кўплигини ва биз уларни қўллаб-қувватлашимиз зарурлигини кўрсатади. Яқинда университет маҳаллий профессорларни тайёрлаш дастурини ишга туширди. Мазкур дастур доирасида университетнинг ёш ўқитувчилари ҳамда академик йўналиш бўйича ходимлари Ўзбекистондан ташқарида, жумладан, Жанубий Кореядаги нуфузли университетларида таълим олиб қайтишлари мумкин. Ўйлайманки, университетимизнинг мазкур дастури нафақат илм даргоҳимизда сабоқ бериш сифатини оширади, балки Ўзбекистондаги фан ривожига ҳам ўз ҳиссасини қўшади. Келажакда Ўзбекистондан янада кўпроқ олимлар халқаро нуфузли мукофотларнинг лауреатлари бўлишларига умид қиламан”.

Халқаро Фанлар академияси (The World Academy of Science, https://twas.org)га 1983 йилда асос солинган. TWAS Бош офиси Триесте (Италия) шаҳрида жойлашган. Академия ривожланаётган мамлакатларга фан ва инжиниринг ривожланишига кўмак беради. Академия ҳар йили ривожланаётган мамлакатларнинг олимларига фан ва инжиниринг бўйича турли соҳалардаги тадқиқотлар учун 1 млн. АҚШ долларидан ортиқ миқдорда грант ажратади. У шунингдек, ривожланаётган мамлакатларнинг олимлари иштирокида ўтадиган турли тадбирлар (илмий конференциялар, симпозиумлар)ни молиялаштиради.