Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ташкил этилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Маълумки, 2017 йилнинг 20 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Таълим ва ўқитиш сифати устидан самарали давлат назоратини ўрнатиш мақсадида Давлат тест марказининг Кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилиш, педагог кадрлар ва таълим муассасаларини аттестация қилиш бошқармаси негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ташкил этилди.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

таълим тизимида ўқув-тарбия жараёнлари, профессор-ўқитувчилар таркиби, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифатини назорат қилиш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш;

идоравий мансублиги ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, таълим муассасаларини аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказиш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда Таълим сифатини назорат қилиш бўйича давлат инспекцияси фаолиятини ташкил қилиш бўйича Ҳукумат қарорини қабул қилади.