Ўзбекистон делегацияси “Wargaming” компанияси билан музокаралар ўтказди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Шерзод Шерматов бошчилигидаги делегация Беларусь Республикасининг пойтахти Минск шаҳрига ташриф буюрди. Мазкур ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси “Wargaming” компанияси вакиллари билан учрашиб, музокаралар ўтказишди.

Музокаралар давомида “Ўзбектелеком” ва “Wargaming” компанияси ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўядиган протоколни имзолашди.

Маълумки, “Wargaming” компьютер ўйинлари бозорида етакчилардан бири ҳисобланади. Сўнгги 18 йил давомида компания томонидан “World of Tanks”, “World of Warplanes” ва “World of Warships” каби 15 дан ортиқ турли ҳилдаги ўйинлар ишлаб чиқарилди.