Дўстлик ва санъат кечаси

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Сеул шаҳридаги “Lotte Concert Hall” концерт залида Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллигига бағишланган концерт бўлиб ўтди.

Мамлакатимизнинг Корея Республикасидаги элчихонаси томонидан ташкил этилган тадбирда икки мамлакатнинг вазирлик ва идоралари, ижодий ва жамоат ташкилотлари, маданий марказлари вакиллари, санъат ихлосмандлари иштирок этди.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея муносабатлари ўзаро ишонч ва ҳурмат, дўстлик ва стратегик шерикликка асосланган. Икки давлат ўртасидаги алоқалар 2006 йилда имзоланган Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма декларация, 2014 йилда қабул қилинган Стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма декларация асосида тараққий этмоқда.

Маданият ва санъат ҳамиша халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилиб келган. Жанубий Кореяда Ўзбекистон ижодкорларининг кўргазмалари, концертлари санъат ихлосмандлари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинаётгани, Ўзбекистонда Жанубий Корея киноси кунлари, мазкур мамлакат мусаввирлари ижодига бағишланган бадиий кўргазмалар, турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилаётгани икки мамлакат ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Жанубий кореялик санъаткорлар “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида мунтазам қатнашиб келмоқда.

Маданий тадбирда баҳор, дўстлик, тинчлик, ибратли анъана ва қадриятларни улуғловчи куй-қўшиқлар ўзбек ва корейс тилларида янгради, жозибали рақслар ижро этилди. Икки халқнинг мумтоз наволари ва рақслари томошабинларда катта таассурот қолдирди.

Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги салоҳияти, кўп асрлик қадимий ва бетакрор шаҳарларимизнинг бой тарихий ва маданий мероси, юртимизнинг фусункор табиати ҳақида ҳикоя қилувчи фильм намойиш этилди. Ўзбекистон тарихи ва маданияти акс этган фотокўргазма ташкил қилинди. ЎзА.