Банклардаги депозитлар қолдиғи 47,4 трлн. сўмни ташкил этди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Иқтисодиётни кредитлаш ҳажмларининг мутассил ўсиб бориши тижорат банкларининг ресурс базасини мустаҳкамлашни тақозо этади. Банклар ўз фаолиятида бу хизматлар спектрига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, банклардаги депозитлар қолдиғи 2016 йилнинг 1 апрель ҳолатига нисбатан 25,3 фоиз ўсиб, 2017 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра 47,4 трлн. сўмни ташкил этди.

Республикамизда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Бугунги кунда савдо ва пуллик хизматлардан тушумнинг қарийб 80 фоизи терминаллар орқали амалга оширилмоқда. Пластик карточкалар орқали амалга оширилган транзакциялар ҳажми 12,1 трлн сўмни ташкил этди ёки бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35 фоиз ошди.