Банкларнинг кредит қўйилмалари қолдиғи 57,3 трлн. сўмдан ошиб кетди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ҳисобот санасига келиб иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредит қўйилмалари қолдиғи 57,3 трлн. сўмдан ошиб кетди, бу 2016 йилнинг 1 апрель ҳолатига нисбатан 29,9 фоиз кўпдир.

Банкларнинг инвестиция кредитлари ҳажми ҳам 2016 йилнинг 1 апрелига нисбатан 1,2 баробар ошиб, шу йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра 3,2 трлн. сўмни ташкил қилди.

Мамлакатимизда кичик бизнесни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш борасида қабул қилинган қатор директив ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида кредит ташкилотлари томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Ушбу йўналишга ажратилган кредитлар ҳажми 2017 йилнинг 1 апрель ҳолатига 4,6 трлн. сўмни ташкил этмоқда ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан 1,3 баробар кўпдир.

Унинг 1 трлн. сўмини микрокредитлар ташкил этади, бу кўрсаткич ҳам ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар зиёд.

Аёлларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган кредитлар ҳажми 2016 йилнинг 1 апрель ҳолатига нисбатан қарийб 25,5 фоиз ошиб, ҳисобот санасига келиб 514,1 млрд. сўмдан ошиқроқни ташкил этди.