Юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Осуда юртдан файз-барака аримайди, меҳр-мурувват, хайру саҳоват тадбирлари кенг қулоч ёйиб, одамларнинг эртанги кунга ишончи, ҳаётга муҳаббати юксалаверади.

Таъкидлаш жоизки, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусларига биноан ҳафтанинг ҳар пайшанба куни “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” деб элон қилиниши муносабати билан маҳаллаларимиздаги осойишталик, хотиржам ва маъмур ҳаётнинг таъминланишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Тадбирларда аҳолининг кундалик эҳтиёжига боғлиқ кўплаб муаммолар ўз ечимини топмоқда. Натижада барча қишлоқ ва маҳаллаларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни халқимиз осойишталигини мустаҳкамлаш борасидаги оддий тарғибот эмас, амалий аҳамиятга эга тадбир сифатида ўтказилмоқда.

Ўтаётган ҳафта пайшанбасида ҳам кенг миқёсда ташкил этилган профилактик тадбирларга республикамиз ҳудудидан ички ишлар органлари билан бир қаторда кўплаб юртдошларимиз ҳам кўнгилли равишда иштирок этишди.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш ҳамда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий турмуш шароитини тизимли равишда ўрганиш мақсадида “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” доирасида ташкил этиб келинаётган тадбирларда паспорт тизими қоидаларини бузиш, ноқонуний ўқ отар қуроллар ва наркотик воситаларни сақлаш ҳолатлари аниқланмоқда.

Мазкур йўналишда кўрилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг оҳирги тўрт ойи давомида 120 мингдан ортиқ шахс маъмурий жавобгарликка тортилди, 400 нафарга яқин қидирувдаги жиноятчилар қўлга олинди. Ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикаси чора-тадбири сифатида 180 мингдан ортиқ профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Асосий эътибор, вояга етмаганлар ва ёшлар тариясига қаратилиб, ўқувчи ва талабаларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, уларнинг таълим муассасаларидаги давоматини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида, жорий йилнинг апрель ойида вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг даражаси 0,7 фоизга, ёшлар ўртасида 2,1 фоизга, шу жумладан коллеж ва лицей ўқувчилари ўртасида 19,2 фоизга, олий таълим муассасаларида 31 фоизга камайди.

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”нинг яна бир ҳафтаси ортда қолди. Маҳалла, овул ва қишлоқларимиздан эса турли иллатлар тобора чекинмоқда. Тинчликни сақлаш энг олий бурчимиз эканини юртдошларимиз теран англаб етишаётгани, профилактика хизмати ходимларининг маҳалла фаоллари билан биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ҳамда осойишталигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги барча давлат органлари, ташкилотлар ва жамоатчилик тузилмаларини, шунингдек, фуқароларни “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни”ни самарали ўтказишни ҳамда ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишда фаол ҳамкорликка чорлайди.