Ўзбекистон-Қозоғистон Давлат чегарасидан ўтказиш пунктлари тўғрисидаги Баённома кучга кирди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2017 йилнинг 15 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида 2006 йил 4 сентябрда имзоланган Ўзбекистон-Қозоғистон Давлат чегарасидан ўтказиш пунктлари тўғрисидаги битимга Баённомага ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Баённома (2017 йил 14 март куни Остона шаҳрида имзоланган) кучга кирди. Бу ҳақда ЎзР ТИВ Матбуот хизмати хабар беради.

Мазкур Баённома М-39 йўлидан фойдаланишнинг қайта бошлангани муносабати билан Ўзбекистон-Қозоғистон Давлат чегарасидаги “Оқ олтин-Селинний” ва “Малик-Сирдарё” ўтказиш пунктлари очилишини юридик жиҳатдан мувофиқлаштиради. Расмий очилиш маросими келишувга кўра 2017 йилнинг 11 июль куни бўлиб ўтди.

Икки давлат транзит салоҳиятини ошириш ва Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо юкларини транзит ҳажмини кўпайтириш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида ушбу ҳужжат “Зангиота-Капланбек”, “Тошкент-Казигурт” ва “Гулистон-Атамекен” айрим ўтказиш пунктлари мақомини куну-тун режимда ишловчи халқаро мақомга ўзгартишни ҳам назарда тутади.