Ўзбекистон фуқаролари ватанга қайтарилдилар

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикасининг Исломобод шаҳридаги Элчихонаси маълумотларига кўра Покистонга ишлаш мақсадида борган ва одам савдосининг қурбонига айланган фуқаролар З.А. ва Ш.Х. 2017 йил 20 июль куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг Лаҳор-Тошкент рейси билан ватанга қайтарилдилар. Бу ҳақда ЎзР ТИВ Матбуот хизмати хабар беради.

Улар яқиндагина воқеа жойидан қочиб Ўзбекистон Элчихонасига мурожаат қилишга муваффақ бўлдилар.

Покистон Ички ишлар вазирлиги ва Тергов бўйича федерал бюроси кўмагида кириш ва чиқиш қоидаларини бузганликлари учун жиноий жавобгарликка тортилмасдан ватанга қайтишлари бўйича тезкор чоралар кўрилди.

Ўзбекистон Республикаси ТИВ Консуллик бошқармаси ҳамюртларимизни чет элга чиқишдан олдин хорижий давлатнинг тегишли қонунчилигини эътибор билан ўрганишга ҳамда қатъиян қонун доирасида ҳаракат қилган ҳолда иш қидиришга ва огоҳ бўлишга чақиради.