«Ўзбекинвест» 2017 йилнинг I ярмида 8,86 млрд. сўм суғурта товони тўлаб берди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Суғурта компаниялари учун суғурта ҳодисаси юз берганда мижозларнинг даъволарини имкон қадар тез кўриб чиқиб, суғурта бадалларини ўз вақтида тўлаб бериши уларнинг нуфузини белгилаб берувчи асосий омиллардан бири ҳисобланади.

«Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси бу борада кўрсатилаётган суғурта хизматлари сифатини ошириш, мижозлар талаб ва эҳтиёжларини пухта ўрганишга қаратилган саъй-ҳаракатлари билан бирга суғурта бадаллари тўловини ўз вақтида амалга ошириб келмоқда. Суғурта шартномалари бўйича ўз мижозлари олдида қабул қилинган мажбуриятларни вақтида бажариш Компаниянинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.

Агар рақамларга мурожаат қилсак, 2017 йилнинг I ярмида жами 5281 та суғурта даъволари кўриб чиқилиб, 8,86 млрд. сўм суғурта бадаллари тўлаб берилган. Шундан 6,20 млрд. сўми юридик шахсларга тўлаб берилган бўлса, 2,66 млрд. сўми жисмоний шахслар улушига тўғри келади.

Шундай қилиб, ҳисобот даврида ҳар ойда ўртача 880 та суғурта даъволари кўриб чиқилган бўлиб, асосан ипотека суғуртаси, транспорт воситаларини ихтиёрий суғуртаси, мол-мулк суғуртаси, ихтиёрий тиббий суғурта, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномалари бўйича суғурта бадаллари тўлаб берилган.

Жорий йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган суғурта қопламаларининг 54,4 фоизи ёки 4,82 млрд. сўми мажбурий суғурта турларига, 45,6 фоизи ёки 4,04 млрд. сўми эса ихтиёрий суғурта турларига тўғри келади.

Таъкидлаш жоизки, «Ўзбекинвест» ЭИМСК томонидан аҳоли билан ишлаш самарадорлигини янада ошириш мақсадида Ишонч телефонлари, туну кун ишловчи диспетчерлик хизмати фаолияти йўлга қўйилган. Шунингдек, мижозларга суғурта масалалари юзасидан, жумладан суғурта шартномалари тузишда ва суғурта ҳодисалари бўйича зарур ҳужжатларни жамлашда доимий кўмак берувчи ахборот-маслаҳат гуруҳлари ташкил этилган бўлиб, ушбу ахборот-маслаҳат гуруҳлари компаниянинг Марказий аппарати ва ҳудудий филиалларида ўз фаолиятини юритмоқда.

Ахборот-маслаҳат гуруҳлари томонидан суғурта даъволарини кўриб чиқиш қоидалари, суғурта товонини тўлаш тартиблари юзасидан тушунтиришлар берилиши ва талаб этиладиган ҳужжатларни жамлашда ҳамда уларни тезкорлик билан кўриб чиқилишига кўмаклашилаётгани Компаниянинг мижозлар ишончини қозонишига хизмат қилмоқда.