Жаҳон маданияти марказига айланиш учун шаҳдам қадам

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Куни кеча Президентимиз “жамият тафаккурининг эгалари” дея таърифланган, мамлакатимизнинг ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашди. Учрашувда кўтарилган масалалар ва уларнинг ечими бўйича билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида том маънода Ўзбекистоннинг Жаҳон маданияти марказига айланиши учун шаҳдам қадам ташланди, десак муболаға бўлмайди.

Гапнинг очиғини айтадиган бўлсак, йиғилишда билдирилган фикрлар мамлакатимиздаги барча зиёлилар, миллат келажаги, унинг маънавий баркамоллиги учун ташвишда бўлганларнинг юрак-юрагидаги гап бўлди.

Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилиш маълумотлари билан танишар экансиз, Президентимизнинг сайловолди дастурида белгиланган вазифларнинг ижроси нақадар шиддат билан амалга оширилаётганлигига амин бўласиз. Хусусан, ушбу анжуманда ўртага ташланган бир қатор ғоялар 2016 йил 19 октябрда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати-Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездидаги сайловолди маърузасида ҳам билдирилган эди. Шулардан биргинасига тўхталсам, яъни, ана шу съездда Президентимиз шундай деган эдилар: “...ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширишга, уларни китоб билан дўст бўлишга, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлади. Бунинг учун, аввало, миллий адабиётимиз ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ижтимоий тармоқларга жойлаштириш ва уларни кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор беришимиз муҳим аҳамият касб этади”.

Ана шу фикрлар билан ошно бўлиб турганимизда, муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромоновичнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида” (2017 йил 12 январ)ги фармойиши эълон қилинди.

Орадан бир неча ой ўтиб-ўтмасдан, бугун яна шу масалага қайтилгани, китоб, китобхонлик маданиятининг жамият маънавий ҳаётидаги ўрни ва роли нақадар муҳим эканлигидан далолат беради.

Дарҳақиқат, олимлар, зиёлилар, мамлакат ва миллат келажаги учун чуқур қайғурганларни яқин-яқингача бир нарса қийнаб келарди: нега ёшларимиз, умуман, фуқароларимиз ўртасида китобхонлик маданияти пасайиб кетди, нима учун ердан кўкка кўтарадиган, бизни баркамоллик сари етаклайдиган, инсонлар қалбига ёруғлик ва илиқлик киритадиган, оқ билан қора, яхшилик билан ёмонлик, вайронкорлик билан бунёдкорликнинг фарқини онгли равишда англатишга ёрдам берадиган, инсоният томонидан яратилган энг ноёб кашфиёт – китобнинг қадри тушиб кетмоқда? Не сабабдан айримлар китоб ўқиганларни замондан орқада қолаётганлар қаторига қўшиб қўймоқда?

Ушбу саволларга Президентимизнинг фикрлари айнан жавоб бўлди. Яъни, “Биз бугун китобхонлик маданиятини ошириш, илмий, бадиий, сиёсий адабиётларни кўпайтириш масаласига алоҳида эътибор беряпмиз. Аммо бу ишларни ҳар томонлама пухта ўйлаб амалга оширишимиз, бошлаган олижаноб ҳаракатимизни обрўсизлантиришга йўл қўймаслигимиз шарт”.

Тўғри, йиғилишда танқидий-таҳлилларга асосланган ҳолда, ҳозирги кунда маданият ва санъат аҳлида фаоллик, янги-янги ижодий ғоя ва ташаббуслар билан яшаш, изланиш руҳи етишмаётганини таъкидлаб ўтди. Айниқса, бугунги кунда зиёлилар даврасида енгил-елпи китоблар, саёз, олди-қочди газета-журналлар, теле-радио станциялар кўпайиб бораётгани тўғрисида ҳақли эътирозлар бўлди.

Шулардан келиб чиқиб, O`zLiDeP вакиллари олдида турган яна бир муҳим масала ҳам ойдинлашди. Яъни айни пайтда юртимизда турли мулк шаклига эга бўлган оммавий ахборот воситалари миллий ғоямизни ривожлантириш, халқимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қилаётганлигини кенг таҳлил этиш, айниқса, хусусий нашриётларнинг бу борадаги фаолиятини танқидий ўрганиб чиқиш орқали мавжуд муаммоларни қонуний асосда ҳал қилиш бўйича амалий таклифлар яратишимиз лозим.

Зеро, O`zLiDePнинг сайловолди платформасида партия нодавлат босма нашрлар, теле-радио каналлар фаолиятини кучайтириш, уларнинг интернет глобал тармоғига кириши учун ҳаракат қилиши, шунингдек, босма ОАВ маҳсулотларини тарқатиш соҳасида рақобатни ривожлантиришга, даврий матбуот маҳсулотларининг чакана савдо тармоқларини кенгайтиришга алоҳида аҳамият беришини белгиланган эди.

Ислом Зокиров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O`zLiDeP фракцияси аъзоси.