Ўзбекистонда ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” фонди ташкил этилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори.

Жамиятимиз ҳаётида, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашда маданият, санъат ва оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимиз ижодкор зиёлиларининг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда зарур шароит ва имконият яратиш, шунингдек, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузуридаги Рассомлар ижодий бирлашмаси (кейинги ўринларда – Ўзбекистон Рассомлар ижодий бирлашмаси), Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси, Ўзбекистон Рассомлар ижодий бирлашмаси, Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондини (кейинги ўринларда – Фонд) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар Фонднинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

Ўзбекистонда маданият, санъат ва журналистикани ривожлантириш учун маблағ ажратиш ва йўналтириш, бу борада тегишли дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш;

Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси, Рассомлар ижодий бирлашмаси, Театр арбоблари уюшмаси ва Журналистлар ижодий уюшмасини моддий таъминлаш ва уларнинг фаолияти билан боғлиқ сарф-харажатларни молиялаштириш, мазкур уюшмалар аъзолари бўлган ва соҳани ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган фахрийларга манзилли моддий ёрдам кўрсатиш;

Фонд томонидан молиялаштириладиган муассасаларнинг моддий-техник базасини изчил мустаҳкамлаб бориш, унинг тасарруфидаги мулкни бошқариш, Фонд уставида белгиланган вазифаларни амалга оширишда маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш.

3. Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондининг Ҳомийлик кенгаши таркиби 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондининг ташкилий тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилаб қўйилсинки, Фонднинг Ҳомийлик кенгаши томонидан лавозимга тайинланадиган ва озод қилинадиган ижрочи директор раҳбарлик қиладиган Ижроия дирекция Фонднинг ижро органи ҳисобланади.

Фонднинг Ҳомийлик кенгаши раисига Фонд томонидан молиялаштириладиган муассасалар раҳбарларининг таклифлари асосида, зарур ҳолларда ушбу муассасалар тузилмасига, ходимларнинг чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

4. Фонднинг Ҳомийлик кенгаши (А.Н.Арипов):

Фонд даромад ва харажатлари бўйича прогноз кўрсаткичларни ҳар йили тасдиқласин;

Фонд маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишларини белгиласин ва тасдиқласин;

Фонд зиммасига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун манфаатдор давлат, нодавлат ва жамоат ташкилотларини, шунингдек, ҳомийларни жалб этсин;

Фонд Ижроия дирекциясининг даромадлари, харажатлари асосли экани ва маблағлардан мақсадли фойдаланиш бўйича фаолияти тизимли назорат қилинишини таъминласин.

5. Қуйидагилар Фонд маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

Фондга Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси, Рассомлар ижодий бирлашмаси, Театр арбоблари уюшмаси ва Журналистлар ижодий уюшмаси ҳудудий бўлимларининг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатларни молиялаштириш учун ажратиладиган бюджет маблағлари (субсидиялар);

Фонд ихтиёрига ўтказиладиган ижод уйларини ижарага бериш ва Фонднинг вақтинча бўш турган маблағларини жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия маблағлари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

6. Ўзбекистон "Маҳалла" хайрия жамоат фондининг Фонд ҳисобрақамига 7 миллиард сўмни хайрия асосида ўтказиш тўғрисида;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Олий суднинг Фондга ноқонуний йўл билан топилган ва мусодара этилган даромадлар ҳисобидан 13 миллиард сўм йўналтириш тўғрисидаги ташаббуслари маъқуллансин.

7. Белгилансинки, Фонд томонидан молиялаштириладиган муассасалар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби Фонднинг Ҳомийлик кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда ўрнатилади.

8. Фонд ва у молиялаштирадиган муассасалар 2022 йил 1 январга қадар барча солиқлар, шунингдек, давлат мақсадли фондларига мажбурий тўловлардан озод қилинсин.

Ушбу имтиёзлар тақдим этилиши муносабати билан бўшайдиган маблағлар фақат Фонд зиммасига юклатилган вазифаларни амалга оширишга йўналтирилиши белгилаб қўйилсин.

9. Ўзбекистон Бадиий академиясининг Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, Сойлиқ қишлоғи манзили бўйича жойлашган “Оқтош” ижод уйи Фонд томонидан молиялаштириладиган ижодий уюшмалар ва бирлашмалар аъзоларининг тўлақонли дам олиши учун шароитлар яратиш мақсадида Фонд бошқарувига ўтказилсин.

Фонднинг Ижроия дирекцияси Фонд бошқарувига ўтказиладиган мулкдан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2017 йилнинг 1 октябридан бошлаб Фондга Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси, Рассомлар ижодий бирлашмаси, Театр арбоблари уюшмаси ва Журналистлар ижодий уюшмаси ҳудудий бўлимларининг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатларни молиялаштириш учун бюджетдан маблағлар (субсидиялар) ажратсин.

Белгилаб қўйилсинки, Фонднинг маблағлари мазкур қарорнинг 9-бандида кўрсатилган муассасанинг сарф-харажатларини қоплаш учун ҳам ажратилади.

11. Ҳомийлик кенгаши:

бир ой муддатда Фонд устави, шунингдек, Фонд маблағларини шакллантириш тўғрисидаги Низом ва улардан фойдаланиш тартибини;

икки ой муддатда мазкур қарорнинг 9-бандида қайд этилган Ижод уйининг коттежлари ва меҳмонхоналарини Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси, Рассомлар ижодий бирлашмаси, Театр арбоблари уюшмаси ва Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоларига улар ижод қилиш учун борганларида бериш тартиби тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқсин ва ўрнатилган тартибда тасдиқласин.

12. Фонднинг Ижроия дирекцияси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Тошкент шаҳар, Алишер Навоий номидаги миллий боғ ҳудудидаги биносида жойлаштирилсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда бир ой муддатда амалдаги қонунчиликка ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев

Тошкент шаҳри, 2017 йил 9 август