Ўзбекистон делегацияси ШҲТ МККнинг мажлисида иштирок этди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2017 йилнинг 22-25 август кунлари Янчжоу шаҳрида (Тсянсу провинцияси, Хитой) Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Миллий координаторлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзР ТИВ Матбуот хизмати хабар беради.

Ҳиндистон, Покистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Хитой ва Ўзбекистон вакиллари ташкилот доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари ва Давлат раҳбарлари кенгаши, Ҳукумат раҳбарлари (бош вазирлар) кенгаши, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши ва бошқа низомий органлар мажлисларининг кун тартиби ва ўтказилиш жадвали юзасидан фикр алмашишди.

Хитой томони ўзининг ШҲТга раислиги доирасида амалга ошириш кўзда тутилган ҳаракатлар дастурини тақдим этди.

Ўзбекистон делегацияси миллий координаторларга Тошкент шаҳрида бўладиган ШҲТга аъзо давлатлар Адлия вазирлари ва Олий судлар вакиллари йиғилишларига тайёргарлик жараёни ҳақида маълумот берди.

Мажлисда ШҲТ кун тартибининг бошқа маслалари ҳам кўриб чиқилди.