Ўзбекистон терма жамоаси Қирғизистонни мағлубиятга учратди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи сўнгги икки ўйинидан олдин бугун, 25 август куни Қирғизистонга қарши назорат учрашуви ўтказди. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар беради.

“Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтган беллашувда Самвел Бабаян шогирдлари 5:0 ҳисобида зафар қучди. Учрашувнинг 9-дақиқасида Сардор Рашидов ҳисобни очган бўлса, 43-дақиқада Игорь Сергеев ҳисобни оширди.

Иккинчи бўлим якунида Ўзбекистон термаси яна учта гол киритди. 84-дақиқага келиб Сардор Мирзаев ҳисобни 3:0 кўринишига олиб келди. Асосий вақтга қўшиб берилган дақиқаларда эса Жалолиддин Машарипов ва Александр Гейнрих биттадан гол урди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ–2018 саралаш босқичи доирасида 31 август куни сафарда Хитой термасига қарши, 5 сентябрь куни эса Тошкентда Жанубий Корея термасига қарши баҳс олиб боради.

Назорат учрашуви

“Бунёдкор” стадиони

25 август, жума

Ўзбекистон – Қирғизистон 5:0

Голлар: Сардор Рашидов (9), Игорь Сергеев (43), Сардор Мирзаев (84), Жалолиддин Машарипов (90+2), Александр Гейнрих (90+4)