“Ангрен” ЭИЗда автомобиль шиналарнинг биринчи тажриба партияси ишлаб чиқарилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг топшириғига биноан Тошкент вилоятининг “Ангрен” ЭИЗда қурилаётган резинотехника буюмлар заводида Мустақиллик кунининг 26-йилига бағишлаб автомобиль шиналарнинг биринчи тажриба партияси ишлаб чиқарилди.

Қайд этиш лозимки, бундан икки йил муқаддам, 2015 йил 28 август куни конвеер ленталар, автобиль ва қишлоқ хўжалик техникаси учун шиналар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш лойиҳасининг қурилиш ишлари бошланиши муносабати билан тантанали маросим ўтказилган эди. Қурилаётган корхонани “Ўзкимёсаноат” АЖ (50%), “Ўзавтоманоат” (30%), “Навоий КМК” ДК (10%) ҳамда “Олмалиқ КМК” АЖ (10%) томонидан таъсиси қилинди.

Жорий йил ноябрь ойида фойдаланишга топширилиши мўлжалланган заводни барпо этиш жараёни бугунги кунга келиб якуний босқичга кириб, жадал суръатлар билан жиҳоз-ускуналар монтажи ҳамда уларни созлаш ва ишга тушириш ишлари олиб борилмокда.

Резинотехника буюмлар заводини ишга туширилиши билан дастлабки босқичида 3 млн. дона автомобил шиналар, 100 минг метр конвеер ленталари ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаси учун 200 минг дона шиналар ишлаб чиқариш кўзда тутилмоқда. Бу эса ўз навбатида республикага 200 млн. доллар миқдорида импорт орқали олиб келинадиган резинотехника буюмлар ҳажми кескин қисқаришига олиб келади.