Миллий валютани чет эл валютасига нисбатан курсини ўрнатиш тўғрисида

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг миллий валютани чет эл валютасига нисбатан курсини ўрнатиш тўғрисидаги АХБОРОТИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги ПФ-5177-сонли “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан валюта бозорини янада либераллаштириш соҳасидаги давлат иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири – миллий валютанинг чет эл валютасига нисбатан курсини ўрнатишда фақатгина бозор механизмларини қўллашдан иборатдир.

2003-2017 йилларда курсни шакллантирувчи омиллар динамикасининг таҳлили асосида, шунингдек банклар томонидан импортёр корхоналарга шартномавий курс бўйича чет эл валютасини сотишнинг синов савдолари натижаларини инобатга олган ҳолда, бугунги кунда валюта курсининг мувозанат даражаси ҳисоб-китобларга кўра, 1 АҚШ доллари учун 8000-8150 сўмни ташкил этмоқда.

Шу муносабат билан, Марказий банкнинг валюта курси 2017 йилнинг 5 сентябридан бошлаб 1 АҚШ доллари учун 8100 сўм даражасида ўрнатилмоқда.

Марказий банкнинг курси, аввалгидек, ҳар душанба куни ўтган ҳафта давомида валюта биржасида ўтказилган савдоларда қайд этилган курсларнинг ўртача қиймати даражасида белгиланади ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бухгалтерия ҳисоби, статистика ҳисоботи ҳамда бошқа ҳисобот мақсадлари учун, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида божхона ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун ишлатилади.

Чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш бўйича банклараро савдо сессиялари Ўзбекистон Республикаси валюта биржасида ҳар куни ўтказилиб, бунда валюта курси чет эл валютасига бўлган талаб ва таклифнинг жорий нисбати асосида аниқланади ҳамда валюта биржасининг сайтида эълон қилиб борилади.