Абдулазиз Комилов “Human Rights Watch” ташкилоти делегациясини қабул қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2017 йил 7 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов “Human Rights Watch” халқаро нодавлат ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича бўлим бошлиғи Ҳю Уилямсон ва Марказий Осиё бўйича офис раҳбари Стивен Свердлов таркибидаги делегациясини қабул қилди. Бу ҳақда ЎзР ТИВ Матбуот хизмати хабар беради.

Суҳбат чоғида иккитомонлама алоқаларнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 2017-2021-йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси чуқур ислоҳотларнинг яхлит дастури сифатида Ўзбекистон ва “Human Rights Watch” ўртасидаги конструктив ва ўзаро ҳурматга асосланган ҳамкорлик учун янги имкониятларни очиши қайд этилди.

ХНТ вакиллари ўзларининг Тошкент шаҳрида ўтказилган кўпсонли давлат ва нодавлат тузилмасидаги учрашувлардан олган таассуротлар тўғрисида сўзлаб беришди.

Суҳбат давомида икки томон алоқаларидаги маълум муддат тўхталишдан сўнг шаклланаётган ҳамкорликнинг кун тартибига доир бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.