Ўзбекистон мустақил кредит рейтингини олишни режалаштирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Ҳукумати мамлакатнинг мустақил кредит рейтингини олиш бўйича ҳаракат бошлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Қўчқоров маълум қилди.

Жамшид Қўчқоровнинг қайд этишича, шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатнинг мустақил кредит рейтингини олиш бўйича қарори қабул қилинади.

Бу йўналишда ҳозирча Ўзбекистон бошланғич босқичда турибди, дея қўшимча қилди у. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон “Citibank” ни маслаҳатчи ёки банкларнинг консорциуми сифатида жалб қилиши мумкин. Қўчқоровнинг айтишича, бу масалада аниқлик яқин орада пайдо бўлади.

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосарининг таъкидлашича, ўзига хос бенчмаркни аниқлаш учун мустақил рейтинг керак. Унинг қўшимча қилишича, мустақил рейтингни олгандан сўнг, Ўзбекистоннинг йирик корхоналари ва банклари рейтингларни олиш ва бозорда маблағ жалб қилиш имкониятига эга бўлишади.

Қўчқоровнинг таъкидлашича, мустақил рейтинг маблағларни жалб қилишнинг яхши механизми ва чет элдан пул маблағларини жалб қилиш манбаларини диверсификация қилишнинг йўлларидан биридир.