Одноклассники Mobicon 2017да ўзбек брендлари учун янги воситалар ҳақида сўзлаб берди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Одноклассники ижтимоий тармоқ вакиллари 27 сентябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган мобиль технологиялари ва маркетингга бағишланган анжуманда иштирок этдилар. Конференцияда спикер сифатида Одноклассники лойиҳасининг бизнесни ривожлантириш бўйича менежери Виктор Кравченко иштирок этди. Ўз чиқиши давомида у ижтимоий тармоқнинг ўзбекистонлик фойдаланувчилар ва янги маҳсулотлари ҳақида сўзлаб берди.

«Ўзбекистон — ўзининг 2 060 928 нафарга тенг фойдаланувчилари билан ижтимоий тармоққа ташриф буюрувчиларнинг ўртача ойлик сони бўйича учинчи ўринда. Фақатгина Беларусь ва Қозоғистон олдинда. Одноклассники фойдаланувчилари ижтимоий тармоқда ўртача 41 дақиқа вақт сарфлайдилар», - деб айтди Виктор Кравченко.

Виктор Кравченко томонидан келтирилган статистик маълумотларга кўра, ОК иловаси 30 млн. маротаба юклаб олинган, “Google Play”да энг кўп муҳокама қилинган илова деган номга сазовор бўлган ва IOS учун энг яхши иловалар рўйхатига кирган. Бундан аввалроқ 82% фойдаланувчилар мобил телефонлардан фойдаланиши хабар қилинган ва бу йўналишда Ўзбекистон бошқа МДҲ мамлакатларини ортда қолдирмоқда.

Спикер яна Одноклассникидаги саҳифалар, уларнинг имкониятлари ва яқинда ишга туширилган маҳсулотлар ва хизматлар пештахталари, гуруҳлар учун хабарлар, ОК мобиль иловаларида таҳлил ва фото, видео ёки маҳсулотларни намойиш этиш мумкин бўлган гуруҳлардаги созланувчи контентли блоклар каби янгиликлар ҳақида сўзлаб берди. Спикер видеоконтентга ҳам алоҳида эътибор қаратди.

«Ҳозирда видеоконтентлар ижтимоий тармоқларда жуда ҳам оммабоп, Одноклассники бундан мустасно эмас. Одноклассникида видеоларни томоша қилиш сони суткасига 350 миллиондан ортиқ. Ушбу соннинг 2 миллионга яқини Ўзбекистонга тўғри келади», — дейди Виктор Кравченко.

Ўз чиқишида Виктор Кравченко ОКнинг реклама майдонлари имкониятлари билан таништиришга алоҳида эътибор қаратди. Виктор Кравченко катта миқдордаги таргетлар ва энг самарадор реклама форматлари ҳақида батафсил маълумот берди. Хусусан, у брендлар рекламаси учун промопостлар, матнли натив реклама формати, фото ва видеони ишлатишни, ҳамда янги воситалар: “Ўтиш”, “Ўрнатиш”, “Қўнғироқ қилиш” ва бошқа тугмали реклама, бир эълонда бир неча маҳхсулотларни реклама қилиш имкониятини берувчи “Карусель” формати ва мобиль рекламани янги тўлиқ экранда намойиш этадиган Canvas форматидан фойдаланишни маслаҳат берди.