O‘zLiDeP: Муаммоларга ечим топилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши Нуробод туманидаги “Олға” маҳалласида навбатдаги сайёр қабулни ташкил этди.

Қабул давомида аҳолидан уй-жой олиш, уй қуриш учун ер ажратиш, моддий ёрдам тайинлаш, тадбиркорликни йўлга қўйиш каби масалалар бўйича мурожаатлар кўриб чиқилди. Фуқаролар ўзларини қийнаётган муаммолар юзасидан бевосита тегишли соҳа раҳбарларга мурожаат қилиш ва улардан жавоб олиш имконига эга бўлишди.

Мурожаатларнинг аксарият қисми жойида ечимини топган бўлса, қўшимча ўрганиш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар бўйича мутасадди идора ва ташкилотлар вакилларига тавсиялар берилди.

Қабулда иштирок этган Туркман Тоштемиров 15 мингдан зиёд фуқаро истиқотмат қилаётган маҳаллада қишлоқ врачлик пункти фаолият юритаётган бўлсада, беморларнинг ётиб даволаниши учун тиббий муассасага жуда эҳтиёж борлигини таъкидлади. Шунингдек, малакали тиббиёт ходимлари зарурлиги муаммосини ҳам қайд этди.

Партия ходимлари ва O’zLiDeP депутатлик гуруҳлари мазкур масала юзасидан туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарига мазкур муаммони ўрганиш ва тегишли таклиф тайёрлашни тавсия этишди. Шунингдек, мазкур масала O’zLiDeP депутатлик гуруҳи томонидан халқ депутатлари Нуробод туман Кенгаши сессиясига киритилиши маълум қилинди.

Сайёр қабулда “Олға” маҳалласида яшовчи Бахтигул Дўланованинг мурожаати ҳам ижобий ҳал этилди. У қабул давомида оилавий шароити оғирлиги боис уйининг том қисми ямашга имкони йўқлигини айтди. “Олға” МФЙ раиси фуқарога маҳалладан моддий ёрдам ажратиш ва ҳашар йўли билан уй томини таъмирлаб беришни ваъда қилди. Шунингдек, қишлоқ оқсоқоли Эргаш Қаршиев томни ёпиш учун Б.Дўлановага ҳомийлик йўли билан 40 дона шифер олиб берадиган бўлди.

Қабул давомида кўтарилган барча масалалар юзасидан чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.