БАА билан ўйинга МТЖни Рўзиқул Бердиев олиб боради

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон терма жамоасини Бирлашган Араб Амирликларидаги ўртоқлик учрашувига Рўзиқул Бердиев олиб боради. Бу ҳақида бугун Ўзбекистон Футбол Федерациясида бўлиб ўтган мажлисда Умид Аҳмаджонов маълум қилди, деб хабар беради ЎФФ матбуот хизмати.

Ўзбекистон терма жамоаси ёшартирилиши муносабати билан таркиб буткул янгиланмоқда. БААга қарши ўйинда ёшлар синовдан ўтказилади.

“Биз келажак учун истиқболли режалар тузаяпмиз. Шу тамойилга содиқ қолган ҳолда миллий терма жамоа таркибини ёшартириш йўлидан борамиз”, – дейди Умид Аҳмаджонов ЎФФ матбуот хизматига. “БАА билан ўйин миллий терма жамоа таркибига номзод бўлган янги ёшларни саралаб олиш ва уларни синовдан ўтказиш имконини беради. Жамоани майдонга Рўзиқул Бердиев бошлаб тушади”, – дейди Умид Аҳмаджонов.

ЎФФ президенти терма жамоага хорижлик мураббий таклиф қилиниши тўғрисида қуйидаларни маълум қилди.

“Биз 20-25 кун ичида миллий терма жамоага хорижлик мураббий тайинланиши ҳақида айтиб ўтгандик. Бугунги кунда бир қанча номзодларни кўриб чиқдик, лекин, ҳозирча, бизнинг талабларимизга жавоб берадигани чиқмади. Аммо, изланишдамиз, музокаралар олиб бормоқдамиз”, – дейди Умид Аҳмаджонов.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси БАА билан 14 ноябрь куни меҳмонда ўртоқлик учрашуви ўтказади. Ўйин бўлиб ўтадиган стадион ва унинг вақти ҳақида кейинроқ хабар берилади.