“Mirzo Ulugbek Innovation Center” янги резидентларни рўйхатга олди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича “Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация марказининг Мувофиқлаштирувчи Кенгаши яна 53 та компанияга Марказнинг резиденти мақомини берди.

Натижада бугунги кунга келиб “Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация маркази резидентларининг сони 81 та юридик шахсга етди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 июндаги ПФ-5099 сон «Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармонига асосан Инновация маркази резидентлари 2028 йил 1 январгача бўлган муддатга барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни, шунингдек ягона ижтимоий тўловни тўлашдан озод этилган.

Жумладан, 7,5 фоизли ставка бўйича жисмоний шахслар даромадларидан олинадиган солиққа тортилади, 4,5 фоизли ставка бўйича – фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига киритадиган суғурта бадалларига тортилади.

“Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация маркази директори Хуршид Султанов қайд этди: “Инновация маркази номидан янги резидентларни табриклаймиз ҳамда улар билан самарали ҳамкорлик қилишга умид қиламиз. “Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация маркази Ўзбекистондаги бошқа IТ-компанияларни ҳам бизнинг лойиҳада иштирок этишга таклиф қилади”.