Январь-сентябрь ойларидаги инфляция даражаси 7,8 фоизни ташкил этди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2017 йилнинг январь-сентябрь ойларидаги инфляция даражаси 7,8 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига таянган ҳолда маълум қилди.

Марказий банк маълумотларига кўра, истеъмол баҳолари индекси бўйича ҳисобланган инфляция даражаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 фоизга ўсди.

Бунда, мазкур даврда озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳи бўйича нархларнинг ўртача ўсиши 7,6 фоизни (2016 йилнинг мос даврида 3,3 фоизга пасайган), ноозиқ-овқат маҳсулотлари бўйича 8,6 фоизни (2016 йилнинг мос даврида ўсиш 6,4 фоиз) ҳамда пуллик хизматлар бўйича тарифларнинг ошиши 7,0 фоизни (2016 йилнинг мос даврида ўсиш 7,0 фоиз) ташкил этди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, кузатилаётган иқтисодий жараёнлар динамикаси давом этган ҳолда қатъий пул-кредит сиёсатининг сақлаб қолиниши жорий йилнинг IV чорагида монетар омилларнинг инфляцияга таъсирини минимал даражага пасайтириб, ушбу давр учун дастлаб прогноз қилинган кўрсаткичларга эришиш учун қулай шароит яратиб беради. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда ҳамда миллий валютадаги активларнинг даромадлилигини сақлаб қолиш, реал фоиз ставкаларининг ижобийлигини таъминлаш ва иқтисодиётда пул таклифи суръатлари ўсишининг олдини олиш мақсадида қайта молиялаш ставкаси 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди.