Депутататлар Давлат бюджетининг тўққиз ойидаги ижросини муҳокама қилдилар

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2017 йил 7 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Депутатлар Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг жорий йил 9 ойидаги ижросини кўриб чиқдилар.

Даставвал сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг, Қонунчилик палатаси соҳага оид қўмитасининг мажлисларида ушбу масаланинг дастлабки муҳокамалари ўтказилган эди.

Мажлисда таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусига кўра ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш натижасида, «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурини бажара бориб, иқтисодиётнинг барқарор, юқори суръатлар билан ривожланиши ҳамда ўсиши таъминланди. Асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ижобий ўсиш суръатлари сақлаб қолинди, шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг янада мутаносиб ривожланиши учун мустаҳкам замин яратилди.

Илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш, валютани тартибга солишнинг замонавий бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар мамлакат иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жадал жалб қилишга, экспорт салоҳиятини оширишга, замонавий, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришларни ривожлантиришга, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун ташқи савдо фаолиятини амалга ошириш чоғида тенг шароитлар яратилишига имкон берди.

Бюджетлараро муносабатларнинг ва солиққа оид маъмуриятчиликнинг замонавий механизмлари жорий этилаётганлиги қайд этилди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 июндаги "Маҳаллий бюджетларни шакллантиришда жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонининг аҳамияти таъкидлаб ўтилди. Аҳолининг реал даромадларини, ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, республика бюджетидан молиялаштиришга бўлган боғлиқликни камайтириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эркинлигини кучайтириш мақсадида ҳудудларни комплекс ривожлантиришнинг барқарор молиялаштирилишини таъминлаш мамлакатимиз бюджет сиёсатининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган.

Натижада ҳисобот даврида маҳаллий бюджет даромадларининг 503,8 миллиард сўм миқдоридаги ёки 2016 йилнинг 9 ойига нисбатан 3,9 баравар кўп қўшимча манбалари шакллантирилди.

Ҳисобот даврида Давлат бюджети харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлиги сақланиб қолди. Ижтимоий соҳани молиялаштириш учун харажатлар умумий ҳажмининг 54,8 фоизи миқдорида маблағ ажратилди.

Депутатлар шуни алоҳида қайд этиб ўтдиларки, ҳисобот даврида таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, таълим жараёни даражаси ҳамда сифатини оширишга қаратилган таълим стандартлари ва дастурларини такомиллаштиришга, умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий ўқув юртларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга биринчи даражали эътибор қаратилди. Хусусан, халқ таълими муассасаларини сақлаш ва ривожлантириш харажатларини молиялаштиришга Давлат бюджетидан 11,5 триллион сўмдан ортиқ ёки ижтимоий соҳага ажратилган умумий маблағларнинг 59,5 фоизи миқдорида маблағ ажратилди.

Маълумки, Қонунчилик палатаси соғлиқни сақлаш тизимини сифатли ислоҳ қилиш жараёнида бевосита иштирок этмоқда. Шу боис, депутатлар тиббиёт муассасаларини молиялаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги турли Давлат дастурларини бажаришга доир чора-тадбирлар туфайли Давлат бюджетидан 5,2 триллион сўм ёки ижтимоий соҳага йўналтирилган умумий харажатларнинг 26,9 фоизи миқдорида маблағ ажратилганлиги таъкидланди. 2016 йилнинг ҳисобот даврида соғлиқни сақлашга йўналтирилган харажатлар 4,2 триллион сўмни ёки ижтимоий соҳадаги харажатларнинг 24 фоизини ташкил этган эди. Депутатлар томонидан мамлакат раҳбарининг соғлиқни сақлаш соҳасига юқори эътибори туфайли аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни сифат жиҳатидан яхшилаш мақсадида барча режалаштирилган тадбирлар ўз вақтида молиялаштирилаётгани айтиб ўтилди.

Соҳадаги мавжуд муаммолар комплекс тарзда ечиб борилмоқда. Жумладан, беморларни зарур дори воситалари билан таъминлаш муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Аҳолини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш учун Давлат бюджетидан 275 миллиард сўм ажратилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,9 баравар кўпдир. Хусусан, ҳисобот даврида дори-дармонлар учун сарфланган харажатлар ўтган молиявий йилнинг худди шу даврига нисбатан Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида 1,5 баравар, Сурхондарё вилоятида эса 2,2 баравар ошди. Депутатлар таъкидлаганларидек, асосийси одамлар содир бўлаётган ўзгаришларни ҳис қилишлари лозим.

Кексалар ва ногиронларни қўллаб-қувватлаш мақсадида санаторийлар ва интернат уйлари, кичик ёшдаги ногирон болалар интернат уйлари, уй шароитида ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўлинмалари учун, шунингдек, ногиронларни реабилитация қилиш марказлари учун Давлат бюджетидан 125,7 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Ҳисобот даврида маҳаллий бюджетларнинг даромад қисми прогноз кўрсаткичларига нисбатан 103 фоиздан зиёдга бажарилган. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг маҳаллий бюджет маблағларини бошқариш бўйича мустақиллигини ошириш, бюджет ижросининг марказга боғлиқлигини кескин камайтириш жараёнларини чуқурлаштириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастурларини кафолатланган молиялаштириш манбалари билан таъминлаш, маҳаллий ҳокимликларнинг маҳаллий бюджетларни шакллантиришда ва маблағлардан самарали фойдаланишда масъулияти ва жавобгарлигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга депутатлар томонидан маҳаллий бюджетларни тўлдириш манбаларини кенгайтириш юзасидан мавжуд имконият ва ресурсларларнинг тўлиқ ишга солинмаётгани, хусусан, республиканинг 17 та туман ва шаҳарларида маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисми прогноз кўрсаткичлари бажарилмагани танқид остига олинди.

Тез тиббий ёрдам бригадаларининг бир марта чақирилишига ажратилган маблағларнинг оқилона сарфланмаётгани ҳолатлари ҳам қайд этилиб, депутатларнинг фикрича, бу кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва ҳажмига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шунингдек, харид қилинаётган тиббий буюмлар ва асбоб-ускуналар сифатининг номувофиқлиги ҳамда қишлоқ врачлик пунктларида ва оилавий поликлиникаларда уларнинг етишмаслиги ҳоллари мавжуд.

Умуман олганда, мажлис якунларига кўра, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати.