“Mirzo Ulugbek Innovation Center” KAIST тузилмалари билан уч томонлама меморандум имзолади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2017 йилнинг 13 ноябрь куни Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича “Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация маркази Кореянинг Фан ва техника илғор институти (KAIST) нинг Глобал тижоратлаштириш маркази (Global Commercialization Centre, GCC) ва Глобал IТ технологиялари дастури (ITTP) билан ўзаро англашув тўғрисида уч томонлама меморандум имзолади.

Ҳужжатни “Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация маркази директори Хуршид Султанов, KAIST GCC профессори Чой Мун-ки ва KAIST ITTP профессори Жаэ Жеун Рёлар имзолашди.

Меморандум икки томонлама техник ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган.

Ҳужжат доирасида томонлар глобал технология ва тижоратлаштиришни тарғиб этиш учун Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги техник ҳамкорликни ривожлантиришни режалаштиришмоқда.

“Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация маркази ва ITTP технологик мухтожликни анишлаш учун турли сўровномаларни ўтказишни амалга оширишмоқчи.

Икки мамлакат иқтисодиётларининг ривожланишига улуш қўшиши мумкин бўлган истиқболли технологияларни аниқлаш ва тарғиб қилиш - ҳамкорликнинг йўналишларидан бири бўлади.

Томонлар Ўзбекистон ва Жанубий Кореядаги ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш учун компания ва агентликларнинг иштирокини қўллаб-қувватлаш ва технологияларни тижоратлаштириш бўйича бизнес моделларни ривожлантиришни режалаштиришмоқда.

Ҳамкорлик доирасида томонлар янги технологияларни тижоратлаштириш ва ривожлантириш бўйича турли конференциялар, форумлар ва семинарлар ўтказишга келишиб олишди.

“Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация маркази директори Хуршид Султанов қайд этди: «Биз KAIST GCC ва KAIST ITTP билан ҳамкорлик муносабатларини ўрнатганимиздан хурсандмиз. KAIST GCC дунёнинг турли бурчакларида корея технологияларини тадбиқ этиш борасида катта тажрибага эга, KAIST ITTP эса ахборот технологиялари соҳасида келажакдаги етакчиларни тайёрлайди. Умид қиламанки, бизнинг ҳамкорлигимиз Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорликнинг, ҳамда икки мамлакат иқтисодиётларининг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшади».