Қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 46,19 трлн. сўмни ташкил этди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Республика бўйича 2017 йилнинг январь-сентябрида қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги маҳсулот (хизмат) ларини ишлаб чиқариш ҳажми жорий нархларда 46194,3 млрд. сўмни ташкил этди.

Ўсиш суръати 2016 йилнинг январь-сентябрига нисбатан 103,5 % ни, шу жумладан чорвачиликда – 105,6 % (тармоқ бўйича ялпи ишлаб чиқариш ҳажмидаги улуши – 37,8 %), деҳқончиликда – 102,0 % (60,4 %) ни ташкил этди.

2017 йилнинг январь-сентябрида қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришнинг ўсиши чорвачилик ва деҳқончилик маҳсулотлари асосий турларининг ўсиши билан боғлиқ.

Чорвачиликда тирик вазнда 1674,2 минг тонна гўшт (2016 йилнинг январь-сентябрига нисбатан 6,2 % га кўп), 7327,9 минг тонна сут (6,2 %), 4917,8 млн. дона тухум (8,5 %), 30,1 минг тонна жун (1,3 %), 1000,7 минг дона қоракўл териси (2,4 %) ишлаб чиқарилди.

Деҳқончиликда 2357,4 минг тонна картошка (2016 йилнинг январь-сентябрига нисбатан 3,9 % га кўп), 8695,2 минг тонна сабзавотлар (5,8 %), 1569,9 минг тонна озиқбоп полиз (6,9 %), 2146,0 минг тонна мевалар ва резаворлар (5,3 %), 1270,7 минг тонна узум (4,5 %) этиштирилди.

Ҳисобот даврида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати ўрмон хўжалигида 101,4 %, балиқчилик хўжалигида 111,9 % ни ташкил қилди. Уларнинг тармоқ бўйича ялпи ишлаб чиқариш ҳажмидаги улуши мос равишда 0,1 % ва 0,3 % ташкил қилди.