Истамбулда Кураш буйича 11-Жаҳон чемпионати бошланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Бугун Туркиянинг мўжизакор шаҳарларидан бири Истамбул шаҳрида катталар ўртасидаги Кураш буйича 11-Жаҳон чемпионати доирасидаги тадбирлар дастури бошланди. Ўзбек миллий спорт тури буйича Жаҳон чемпионати 30 ноябрдан 4 декабрга қадар давом этади. Мусобақалар “Суёвушпошшо” мажмуасида ташкил этилади.

Чемпионат Халқаро Кураш Ассоциацияси ташаббуси билан, Туркия Кураш Федерацияси ва Истамбулнинг Бахчелеэвлер муниципалитети томонидан ташкил этилган.

Бугун Pullman Convention Center Istanbul меҳмонхонасида Туркия ва хориж давлатларининг оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Матбуот анжуманида Халқаро Кураш ассоциацияси президенти Хайдар Фармон (Қувайт), Бахчелеэвлер муниципалитети Мэри ва Жаҳон чемпионати Ташкилий Қўмитаси раиси ҳамда Туркия Кураш Федерацияси президенти Юсуф Йилдиримлар иштирок этдилар.

Анжуман иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Жумладан, Халқаро Кураш ассоциацияси президенти жаноб Хайдар Фармон бу Жаҳон Чемпионати Курашнинг халқаро ареналарда ривожланишини янги босқичга кўтаришини такидлаган бўлса, Бахчелеэвлер муниципалитети Мэри ва Жаҳон чемпионати Ташкилий Қўмитаси раиси ҳамда Туркия Кураш Федерацияси президенти Юсуф Йилдирим Ташкилий Қўмита томонидан Чемпионатнинг юқори савияда ўтиши учун барча зарурий ишлар амалга оширилганлигини такидлади.

Жахон Чемпионатида Осиё, Африка Европа ва Америка қитъасидан 50 нафарга яқин иштирокчилар бўлиши кутилмоқда.

Мусобақалар 2-3 декабрь кунлари 15 та вазн тоифасида: эркаклар 60, 66, 73, 81, 90, 100 ва ундан юқори; аёллар 48, 52, 57, 63, 70, 78, 87 ва 87 килограмдан юқори вазн тоифасида бўлиб ўтади. Мусобақада иштирокчи давлатлар ҳар бир вазн тоифасидан икки нафардан курашчини руйхатдан ўтказишга ҳақлидирлар.

1 декабрь куни Кураш буйича жаҳон чемпионати доирасида миллий Кураш федерацияларининг раҳбарлари иштирокида, XVII Халқаро Кураш ассоциацияси Конгрессини ўтказиш белгиланган. Конгресс давомида чемпионатлар тақвими, 2018 йилга мўлжалланган турнир ва семинарлар ҳамда Халқаро Кураш ассоциацияси фаолияти билан боғлиқ бошқа масалалар кўриб чиқилади.