Ўзмиллийбанк ва “Korеya Eksimbank”и билан 150 млн. долларлик заём келишувини имзолашди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида, 2017 йилнинг 22 ноябрь куни “Korеya Eksimbank” Экспорт-импорт банки ва Ўзмиллийбанк ўртасида миқдори 150 млн. АҚШ доллари бўлган заём келишуви имзоланди.

Келишув билан кичик бизнес лойиҳаларини, шунингдек, Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган ускуналар, товарлар ва хизматлар харид қилишни назарда тутувчи инвеститсия лойиҳаларини молиялаштириш учун револверли кредит линиясини тақдим этиш назарда тутилган.

Кредит линияси ҳисобидан қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, тиббиёт, қурилиш материллари, автосаноат ва бошқа соҳалардаги лойиҳалар молиялаштирилади.

Заём келишуви «кафолатланмаган», яъни ҳукумат кафолати тақдим этилишини назарда тутмайди.

Ўзбекистонлик ишбилармонлар жанубий кореялик шериклар билан ҳамкорликни кенгайтиришга катта манфаатдорлик билдиришмоқда. Хусусан, бугунги кунда Ўзмиллийбанкнинг 200 дан ортиқ мижозлари – тадбиркорлик субъектлари Жанубий Кореядан юқори технологияли ускуналар харид қилишни, жумладан ўз маблағлари ҳисобидан, қўшма корхоналарни ташкил этиш йўли билан, инвеститсиялар ҳамда корейс банкларидан кредитларини жалб этган ҳолда, умумий миқдори тахминан 800 млн. АҚШ доллари бўлган лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирмоқда.