Туркиялик бир гуруҳ журналистларнинг юртимизга саёҳати уюштирилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 25-26 октябрь кунлари Туркия Республикасига давлат ташрифи чоғида эришилган келишувга кўра, туркиялик бир гуруҳ журналистларнинг юртимизга саёҳати уюштирилди.

28 ноябрь куни тонгда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг яқинда йўлга қўйилган “Самарқанд – Истанбул – Самарқанд” йўналиши бўйича Туркиядан келган меҳмонлар Самарқанд халқаро аэропортида карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди.

Самарқанд вилояти ҳокимининг туризм масалалари бўйича ўринбосари М.Восеев ва Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов меҳмонларни қутлаб, мамлакатларимиз ўртасида барча соҳалар қатори туризм йўналишида ҳам ҳамкорлик муносабатлари ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Туркиялик журналистлар Истанбулдан Самарқандга тўғридан-тўғри парвоз мамлакатларимиз фуқаролари учун кенг имкониятлар яратганини қайд этиб, улар ҳам бу қулайликдан баҳраманд бўлганликларидан миннатдорлигини билдирди.

Саёҳат дастурига кўра меҳмонлар дунёга машҳур Регистон майдонида бўлиб, аждодларимизнинг юксак ақл-заковатидан далолат берувчи Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасаларини ҳайрат билан томоша қилди. Бу ерда намойиш этилган миллий ҳунармадчилик маҳсулотлари уларда катта қизиқиш уйғотди.

– Икки давлат раҳбарларининг ташаббуси билан ташкил этилган ушбу сафардан жуда ҳам хурсандмиз, – дейди Туркиянинг "Анадолу" ахборот агентлиги Истанбул бўлими бошлиғи Ҳусейн Олтинолар. – Бизни Самарқандда юксак ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олишди, самимий муносабатлар кайфиятимизни янада кўтарди. Бу шаҳардаги тарихий обидалар ҳақиқатдан ҳам жуда ҳайратланарли ва мўъжизавий экан. Туркияда Ўзбекистон ҳақида билишади, лекин бу юртни кўриш, унинг гўзалликларидан баҳраманд бўлишнинг завқи бошқача экан. Мен ўз юртимга боргач, Ўзбекистон, унинг гўзал шаҳри Самарқанд ҳақида албатта мақолалар ёзаман.

Туркиялик ижодкорлар Амир Темур мақбараси, Шоҳи Зинда ва Имом Мотуридий мажмуаларини зиёрат қилиб, мамлакатимизда буюк алломалар, турихий шахслар номи билан боғлиқ масканларни обод этиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумотларга эга бўлди.

– Ўзбекистонни ота юртимиз деб биламиз ва бу заминда бўлиш биз учун юксак шараф, – дейди “Йени бирлик” газетаси мухбири Муса Али Оғлу. – Бизни қардошлардек кутиб олишгани ва юксак меҳмондўстлик кўрсатилаётгани бир қувончимизга ўн қувонч қўшмоқда. Ўзбекистонга ушбу саёҳатимиз кейинги пайтда давлатларимиз ўртасида янги босқичда йўлга қўйилган дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.