Афғонистон Президенти Бухорога жўнаб кетди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани 6 декабрь куни Бухоро вилоятига жўнаб кетди.

Аввал хабар қилинганидек, ташрифнинг асосий тадбирлари 5 декабрь куни бўлиб ўтди.

Муҳаммад Ашраф Ғани Мустақиллик майдонига ташриф буюрди. Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий-маърифий ёдгорликларни зиёрат қилди. Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари билан танишди.

Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган музокараларда савдо-иқтисодиёт, транспорт, транзит, энергетика, кимё, агросаноат, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Афғонистон Президентларининг Қўшма баёноти, шунингдек, мамлакатларимиз ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган 16 ҳужжат имзоланди. ЎзА.