«GM Uzbekistan» автомобилларининг нархини туширмайди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- «GM Uzbekistan» автомобилларининг акциз солиғининг пасайтирилган ставкаси 2017 йилнинг 5 сентябридан амалда қўлланиб келинмоқда. Ўз-ўзидан келиб чиқадики, акциз солиқ ставкасининг ўзгариши билан нархлар туширилиши кўзда тутилмаяпти, - дейилади “GM Uzbekistan” расмий хабарида.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрда имзоланган “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5177-сонли фармонига мувофиқ товар, иш ва хизматлар учун нарх ва тарифлар, шунингдек, жамиятларнинг устав капиталига қўйиладиган минимал талаблар фақат миллий валютада белгиланиши тасдиқланди.

Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар нархларининг кескин кўтарилишига йўл қўймаслик ҳамда амалдаги нархларнинг сақланиб қолинишини таъминлаш мақсадида 2017 йилнинг 5 сентябрида Вазирлар Маҳкамасининг “GM Uzbekistan” АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар нархларини шакллантиришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 701-сонли қарори имзоланди. Унга кўра енгил автомобилларнинг улгуржи ва чакана нархлари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2017 йил 31 августдаги курси бўйича (4210,35 сўм) қатъий белгилаб қўйилди.

Валюта курсининг ўзгариши «GM Uzbekistan» автомобилларининг Вазирлар Маҳкамасининг 701-сонли қарори билан тасдиқланган улгуржи ва чакана нархлар ҳисоб-китобига салбий таъсир кўрсатмаслиги учун «GM Uzbekistan» енгил автомобиллари учун белгиланган акциз солиқ ставкаси 5% этиб белгиланди.

Бу эса курсдаги тафовут сабаб ҳаражатларнинг ошиб кетиши қоплаш ва бу билан автомобилларнинг чакана нархларидаги барқарорликни таъминлаш имконини берди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017 йил 29 декабрда «Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган «GM Uzbekistan» автомобилларининг акциз солиғининг пасайтирилган ставкаси 2017 йилнинг 5 сентябридан амалда қўлланиб келинмоқда. Ўз-ўзидан келиб чиқадики, акциз солиқ ставкасининг ўзгариши билан нархлар туширилиши кўзда тутилмаяпти.

“GM Uzbekistan” Жамоатчилик билан алоқалар хизмати.