Депутатлар Инновацион ғоялар ярмаркасини ташкил этишмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Бугун мамлакатимизда инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш уларни ҳаётга тадбиқ этиш давлат сиёсати даражасида амалга оширилмоқда. Ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли илм аҳлига изланишлар олиб боришлари учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Улар ўз ғоя ва ташаббусларини амалиётга жорий этиб, республикамиз иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса қўшаяптилар.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига Мурожаатномасида янги – 2018 йилга юртимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили деб эълон қилгани ҳам ушбу сўзларнинг яққол далили бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг собиқ ва амалдаги депутатлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, дўстона мулоқот ўрнатиш бўйича таклифни илгар сурганлигини инобатга олиб, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши, Халқ депутатлари Сергели туман Кенгаши депутатлари, “Адолат” СДП, “Ўзиккиламчиранглиметалл” АЖ билан биргаликда Наврўз умухалқ байрами арафасида “Инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш ярмаркаси” ташкил этишга келишиб олишди.

Ярмарка корхоналар, илмий ташкилотлар ва олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро манфаатли муносабатларни ўрнатишда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад ёшларнинг илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятини ривожлантириш, инновацион технологияларга қизиқиши баланд бўлган ёшларни кашф этиш ва уларнинг янги, рақобатбардош инновацион ғояларини ҳаётга тадбиқ этиш учун зарур бўлган молиявий ресурсларни сафарбар этишдан иборат.

Ярмаркада ёш олимлар, тадқиқотчилар, талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган. Улар ўз илмий ва амалий ишланмаларини намойиш этиши учун кенг имкониятлар яратилиши кўзда тутилган.

Ярмарка натижасида энг яхши инновацион ғоялар сараланиб, энг яхши ғоя муаллифларига ҳомийларнинг қимматбаҳо совғалар топширилиши режалаштирилган.

Ярмарка ташкилотчилари иқтисодиётимизнинг барча тармоқларини инновацион ривожлантириш, мамлакатимизнинг илмий-техникавий ва ишлаб чиқариш салоҳиятини янада оширишга хизмат қилишидан умидвор.

Мирлазиз Саидов, “Адолат” СДП депутати.