АКТ вазирлигида Бутунжаҳон банки билан учрашув бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- АКТ вазирлигида Бутунжаҳон банкининг юртимизга ташриф буюрган махсус вакиллари гуруҳи билан учрашув бўлиб ўтди. Мазкур делегация мамлакатимизда "Рақамли Марказий Осиё -- Жанубий Осиё" (Digital CASA) лойиҳасини амалга оширишга тайёргарлик кўриш юзасидан ташриф буюрган. Бутунжаҳон банки вакиллари ташрифлари жараёнида Ўзбекистондаги рақамли ривожланиш ҳолати ва натижалар хусусида ҳам музокаралар олиб боришмоқда.

«Digital CASA» лойиҳаси Осиёнинг ривожланаётган мамлакатларидаги АКТ инфратузилмани ривожлантириш, электрон ҳукумат учун тизимлари ишлаб чиқариш, рақамли иқтисодиётни жорий қилиш ва бошқа йўналишларда фаолият олиб боришни кўзлайди. Учрашувда ҳар иккала томон «Digital CASA» лойиҳаси бўйича ўз фикр-мулоҳаза ҳамда таклифларини баён қилдилар.

Ўзбекистон томони мамлакатда ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида кутилаётган жиҳатлар ҳақида ўз қарашларини маълум қилди. Шундан келиб чиқиб, Бутунжаҳон банки билан ҳамкорликнинг мамлакат ахборот технологиялари ва телекоммуникациялари тармоқларини ривожлантиришдаги аҳамияти қайд этилди.

Учрашувда лойиҳани ишлаб чиқиш юзасидан кейинги режалар белгилаб олинди. Шунингдек, Бутунжаҳон банкининг махсус вакиллари Ўзбекистондаги вазирлик ва идоралар, жумладан IТ-муассасалар билан учрашувларини давом эттиришмоқда.