Ўзбекистон ва Афғонистон АКТ вазирликлари ўртасида меморандум имзоланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Афғонистон Ислом Республикасининг Коммуникация ва ахборот технологиялари вазирлиги ўртасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш йўналишида ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган «Стратегик ҳамкорлик бўйича англашув Меморандуми» имзоланди.

Мазкур ҳужжатдан кўзланган бош мақсад -- иккитомонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда телекоммуникация, ахборот технологиялари ва почта хизматларини ривожлантиришда тажриба алмашиш, алоқаларни кенгайтиришдан иборат. Меморандумда, шунингдек АКТ соҳасида техник ёрдам кўрсатиш масаласи ҳам кўзда тутилган.

Англашув меморандуми асосида томонлар ҳамкорликка оид меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштирадилар, ўзаро дахлдор бўлган телекоммуникация ва алоқа тармоқлари ҳамда почта алоқаси инфратузилмасини мақбуллаштириш чораларини кўрадилар. Хусусан, Марказий Осиёга Ўзбекистон орқали ўтадиган почта транзитининг фаолияти таъминланади. Шу билан бирга, томонлар АКТ соҳасининг турли йўналишларида рақобатбардошлиликни ошириш, «электрон ҳукумат» йўналишида ҳамкорлик қилишни келишиб олдилар.

Имзоланган Меморандум асосида афғонистонлик талабаларнинг Муҳаммад ал Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетларида таълим олишларини ташкил қилиш масаласи ҳам ўрганиб чиқилади.

Шунингдек, музокаралар асосида «Ўзбектелеком» АК ҳамда « Afghan Telecom Corporation» ўртасида ҳам «Стратегик ҳамкорлик бўйича англашув Меморандуми» имзоланди. Телекоммуникация соҳасининг иқтисодий юксалишдаги ўрни ҳисобга олиниб, томонлар телекоммуникация йўналишида ўзаро хизмат кўрсатишни йўлга қўйишга келишиб олдилар. Унга кўра томонлар ҳар иккала мамлакатдаги халқаро алоқа хизматларига бўлган эҳтиёжни таҳлилий ўрганиб, шунга кўра мақсадли равишда «Ўзбектелеком» ва «Afghan Telecom Corporation» компанияларининг телекоммуникация тармоқлари ўртасидаги ўзаро трафик ўтказувчанлигини ошириш келишиб олинди.