Инновацион технологиялар асосида корхона салоҳиятини ошириш бўйича кўрсатма берилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сирдарё туманидаги “Sirdaryo Mega-Luks” корхонаси фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати хабар беради.

Россия Федерацияси билан ҳамкорликда 2012 йили ташкил этилган қўшма корхонада полипропилен грануласидан турли ҳажмдаги қоплар ишлаб чиқарилмоқда. Бу кимё, қурилиш, тўқимачилик, фармацевтика, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат саноатида, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қадоқлашда қўл келади.

Президентимиз корхона салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар билан танишди. Инновацион технологияларни жорий этиш орқали сифат ва самарадорликни ошириш, ички бозорни тўла эгаллаб, ташқи бозорларга ҳам чиқиш бўйича кўрсатмалар берди.