Ўзбекистонлик журналистлар “одноклассники.ру” фаолияти билан танишишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2018 йилнинг 29-30 март кунлари Ўзбекистонлик журналистлар “оdnoklassniki.ru” фаолияти билан танишиш мақсадида Москва (Россия Федерацияси) шаҳрига ташриф буюришди.

Энг аввало “одноклассники.ру” ижтимоий тармоғи ҳақида қисқача статистик маълумотлар:

“одноклассники.ру” ижтимоий тармоғининг бутун дунё бўйлаб бир ойлик аудиторияси 71 млн. нафар фойдаланувчини ташкил этади.

Дунё бўйича барча фойдаланувчиларнинг 74 фоизи “одноклассники.ру”га мобиль қурилмалардан киришади. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 94 фоиздан иборат.

Ўзбекистонда бир ойда 1,8 млн.( 1,7 млн. нафар мобиль қурилмалардан) нафарни, кунлик аудитория эса 644 минг (585 минг нафари мобиль қурилмалардан) нафарни ташкил этади.

Ўзбекистонда “одноклассники.ру” тармоғидан фойдаланувчиларнинг 74 фоизини эркаклар ва 26 фоизини аёллар ташкил этади.

26 дан 35 ёшгача бўлганлар - барча фойдаланувчиларнинг эркакларда 50 фоизни, аёлларда 42 фоизни ташкил этади.

Медиа-тур ташкилотчилари нафақат Ўзбекистон, балки Беларусдан ҳам журналистларни чақиришди. Ўзбекистонлик ижтимоий тармоқдан фойдаланувчилар сонига кўра, МДҲ давлатларида Беларусь ва Қозоғистондан кейинги учинчи ўринда туради.

Ўзбекистонлик ва Беларуслик журналистларни Москвага таклиф қилишдан мақсад - ўз фойдаланувчиларининг сонини янада ошириш, ижтимоий тармоқнинг қамров доирасини кенгайтиришдан иборат. Мазкур мақсад йўлида улар янги-янги контентлар, хизмат турлари, ҳатто тармоқ ичида янги мессенжер очишмоқда. Булар тўғрисида Mail.ru офисига ташриф буюрганимизда компания вакиллари – ОКнинг Стратегик маҳсулотларни ривожлантириш бўйича директори Семён Боярский, Бизнесни ривожлантириш бўйича директори Алексей Кашеваров, Матбуот котиби Сергей Томиловлар гапириб беришди. Шунингдек, улар бугунги ахборот маконида ижтимоий тармоқларнинг ўрни, мазкур тармоқнинг келгусидаги иш режалари, янги лойиҳалар ва медиа-маҳсулотлар, ахборот бозорига чуқурроқ кириб бориш мақсадида кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида батафсил сўз юритишди.

Учрашув давомида икки мамлакат журналистлари ўзларини қизиқтирган саволларга компания вакилларидан батафсил ва атрофлича жавоб олдилар.