Имо-ишора тилида ўтказилган экскурсия

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Фарғона вилояти туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги ва Қўқон шаҳар ҳокимияти, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Фарғона вилоят кенгаши ва «Ал-Фергани Тур» турфирмасининг ёрдамида 2018 йил 20 апрел куни «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида Қувасой шаҳар 90-кар болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчилари учун саёҳат уюштирилди.

Ногирон бўлган 13 нафар иқтидорли ва қобилиятли болалар Ўзбекистоннинг «Ипак пойтахти»га ташриф буюриб, машҳур ёдгорлик фабрикасини ўрганиб чиқишди. Чет эллик сайёҳларнинг оммабоп туристик жойида улар тикув санъатини кўриб чиқиш имконига эга бўлдилар.

Риштонда миллий руҳ ва анъанавий ҳунармандчилик намуналари билан бойитилган Тоҳир Хайдаровнинг кулолчилик уй-музейи ёш авлодни ҳайратда қолдирди. Машҳур кулол меҳмонларни самимий кутиб олди ва кулолчилик тарихининг ёрқин намуналарини батафсил тасвирлаб берди, бу, албатта, кичик саёҳатчилар учун фойдали бўлди.

Шунингдек, болалар учун ишора тили таржимаси орқали Қўқоннинг тарихий меросини билиб олиш имкони пайдо бўлди. Шаҳарнинг дурдонаси – Худоёрхон саройининг ўтган асрга таалуқли хоналар дизайни, баланд шифтдаги бой нақшли безаклар ва қадимги қандиллар болаларда катта таассурот қолдирди.

Ички туризмни ривожлантиришдаги бундай кичик қадам ногирон болалар учун ниҳоятда бахтиёрлик, ёрқин туйғулар ва таассуротларни тақдим этди, бу, албатта, экскурсия ташкилотчиларини хурсанд қилди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Матбуот хизмати.