Мюнстер университетида Ўзбекистон кечаси бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Бугунги кунда Германиянинг Мюнстер университетида 15 нафарга яқин ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда. Улар бакалавриат ва магистратура йўналишларида тилшунослик, иқтисодиёт ва табиий фанларни чуқур ўрганишмоқда.

Ўзбекистонлик талабаларнинг аксарияти мазкур немис олий ўқув юрти ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети ўртасида 2001 йилдан буён давом этиб келаётган ўзаро ҳамкорлик алоқалари доирасида Германияга таклиф этилган давлат грантларининг соҳиблари ҳисобланишади.

Мюнстер Германиянинг университет шаҳри ҳисобланади. Ўзбекистонлик талабалар бу ерда чуқур билим олишлари билан бирга маҳаллий жамоатчилик вакилларини ҳамда чет эллик талабаларни халқимизнинг бой маданияти, анъана ва урф-одатлари, тарихий шаҳарларию гўзал обидалари билан таништиришга доимо вақт топишади.

Яқинда мазкур олий ўқув юртида ана шундай тадбирлардан бири - Ўзбекистон кечаси бўлиб ўтди. Мамлакатимизнинг Франкфурт-Майн шаҳридаги бош консуллиги вакиллари иштирокида ташкил этилган ушбу кечада Мюнстер университетининг профессор-ўқитувчилари, талабалар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбек ёшлари томонидан тайёрланган видео ва фото тақдимотлар чоғида республикамизнинг замонавий ривожланиши, сайёҳлик салоҳияти ва миллий анъаналари, шунингдек, изчиллик билан ҳаётга тадбиқ этилаётган ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларидаги ислоҳотлар ҳақидаги атрофлича маълумотлар тадбир қатнашчиларининг эътиборига ҳавола қилинди.

Ўзбекистон кечасининг маданий қисмида намойиш этилган ўзбекистонлик талабалар ижросидаги ашула ва рақслар ҳамда қизиқарли миллий ўйинлар тадбирга алоҳида шукуҳ бахш этди.

- 17 йилдан буён Ўзбекистон миллий университети ва Мюнстер университети ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларида фаол иштирок этиб келмоқдаман, - дейди Германиянинг мазкур олий ўқув юрти профессори Томас Томасек. - Ўзбекистонда Германияга, немис тилини ўрганишга қизиқувчилар кўп. Уларнинг кўпчилиги юртимизга келишади, бу ерда зўр иштиёқ билан ўз билимларини оширишади.

Шуни ҳам айтиш керакки, сўнгги пайтларда немис талабалари орасида ҳам Ўзбекистонда таълим олишга, ўзбек тилини ўрганишга қизиқувчилар сони ортиб бораётгани кузатилмоқда. Зеро, бизнинг Ўзбекистон миллий университети билан ҳамкорлигимиздан кўзланган мақсад ҳам шу - ўзбек ва немис ёшлари учун имконият яратиш, уларнинг ўз билимлари ва дунёқарашини кенгайтиришга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш.

Мен бир фикрда собитман: “Ўзбекистон имкониятларга бой ўлка, у албатта ривожланган мамлакатлар сафидан жой олади”.

Кейинги пайтларда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида республикангизнинг обрў-эътибори бутун дунёда янада ортиб бораётгани менинг ишончимни мустаҳкамламоқда. Дарҳақиқат, бугунги кунларда қайси немис газетасини варақламанг, унинг саҳифаларида Ўзбекистон янги Президенти бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, улар бераётган натижалар ҳақидаги хабар-мақолаларни ўқийсиз. Ёш авлод вакилларига берилаётган эътибор ва ишонч ҳам халқаро миқёсда ўз эътирофини топмоқда.

Ишончим комилки, бизнинг ҳамкорлигимиз мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона, икки томонлама маданий-гуманитар алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига камтарона ҳисса бўлиб қўшилади. “Жаҳон” АА, Франкфурт-Майн.