Ўзбекистон Президенти Жаҳон банки Президенти билан учрашди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу куни Вашингтон шаҳридаги Жаҳон банки штаб-квартирасида ҳам бўлди. Давлатимиз раҳбарини Жаҳон банки президенти Жим Ёнг Ким кутиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати хабар беради.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва мазкур банк ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик энергетика, ирригация ва коммунал тармоқларни модернизация қилиш, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларини қамраб олган. 2020 йилгача ҳамкорлик қўшма дастурига умумий қиймати 4 миллиард доллар бўлган 27 та муҳим лойиҳа киритилган.

Учрашув чоғида боғдорчиликни ривожлантириш, шошилинч тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш, саноат корхоналарининг энергия тежамкорлигини ошириш, иситиш тармоқларини модернизациялаш, молиявий консультатив хизмат кўрсатиш каби соҳаларга оид битимлар имзоланди.

Музокарада янги истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди, ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича таклифлар билдирилди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи якунига етди.