IUT талабаларининг лойиҳалари энг зўрлар қаторидан ўрин олди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2018 йил май ойининг сўнгги кунларида ўтказилган “Falling Walls Lab” танловининг финал босқичида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT)нинг икки нафар талабаси совринли ўринларни қўлга киритдилар.

“Falling Walls Lab” - Германияда Берлин девори қулашининг 20 йиллигига бағишлаб яратилган лойиҳадир. Бу янги ташкил этилган йиллик фанлараро конференция бўлиб, унда ёш даҳолар ўз инновацион ғояларини илмий, ижтимоий, саноат ёки бизнес соҳасида тақдим этишлари мумкин бўлади.

“Falling Walls Lab” ёш олимлар, мутахассислар ва тадбиркорларга жаҳон ҳамжамиятига инсон фаолиятининг деярли барча соҳаларида учрайдиган турли хил муаммо ва қийинчиликлар ечими бўйича ўз ғоялари, илмий-тадқиқот лойиҳалари ва ижтимоий ташаббуслари, илғор усулларини таклиф қилиш имконини беради. Бу сизнинг ғояларингиз эшитилиши ва ривожланишига туртки берилишига имкониятдир. Берлинда ўтадиган конференциянинг финал босқичида, йирик сиёсатчилар, тадбиркорлар, иқтисодчилар, олимлар, журналистлар, фаоллар, медиа шахслар ҳакамлар ҳайъатини ташкил этишади.

25 май куни Ўзбекистонда иккинчи маротаба “Falling Walls Lab” танлови ўтказилди. Тадбир Германия Элчихонаси томонидан ўтказилди ва Тошкент шаҳридаги Инҳа университети уни қўллаб-қувватлади.

Танловнинг финал босқичида 14 та лойиҳанинг тақдимоти ўтказилди. Ҳар бир лойиҳа муаллифларига ҳакамларнинг эътиборини қозонишлари учун 3 дақиқа вақт ажратилди.

IUT нинг иккинчи босқич талабаси Достон Мардиев “Автомобилни бошқараётганда ухлаб қолмаслик” лойиҳаси учун иккинчи ўринга лойиқ кўрилди.

IUT нинг учинчи босқич талабаси“Қишлоқ хўжалиги тизими мониторинги” лойиҳаси билан Дилмурод Мадраҳимов учинчи ўринни эгаллади.

IUT Ректори Сарвар Бабаходжаев қайд этди: “Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан иккинчи маротаба ташкил этилган ушбу танловнинг якуний тақдимотда IUT нинг олти нафар талабаси қатнашганидан фахрланаман. Ҳа. улар олий совринни қўлга киритмадилар, аммо ўзларининг қизиқарли лойиҳалари билан иштирок этдилар. Мен уларга изланишларини давом эттиришлари ва келгусида энг зўр лойиҳаларни тақдим этишларини тилайман”.