Ўзбекистон гилоси илк бор Хитойга экспорт қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 5 июнь куни илк бор Ўзбекистон меваси Хитойнинг Пекин шаҳрига етказиб берилди. Бу ҳақда «Узбекозиковкатхолдинг»нинг ХХРдаги вакили хабар қилди.

Унинг сўзларига кўра, хитойлик экспертлар юртимизга ташриф буюриб меванинг биологик тоза органик маҳсулот эканига ишонч ҳосил қилишган эди. Ўзаро келишувлар натижасида Ўзбекистон томони билан 80 минг АҚШ доллари миқдорида шартнома имзоланган.

Куни кеча меванинг шартномада белгиланган 16 тоннадан биринчи қисми - 5 тоннаси "Gilos One" номи остида "Big agro logistics" компанияси экспорт қилинди. Гилослар ссамолетда Хитойга етиб борди. Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигидаги координатор ва «Узбекозиковкатхолдинг» компаниясининг вакили Дилшод Муллабаев, гилосларнинг илк партиясини келиши, уни Хитой давлат санитария хизмати назоратидан ўтиши жараёнида иштирок этиб, гилос меваси Хитойнинг Пекин, Гуанчжоу, Шанхай, Циндао ва Чунцин провинцияларига етказилишини таъминлашга кўмаклашди.

Маълум қилинишича, яқин кунларда Хитойнинг йирик компаниялари томонидан Ўзбекистондан кўплаб ҳўл меваларни сотиб олиш бўйича катта миқдордаги шартномалар имзоланиши кутилмоқда.